Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ривожланиш масалалари бўйича «ЕИ – Ўзбекистон» кичик қўмитасининг 3чи йиғилиши бўлиб ўтди
2020-10-27 | Иқтисодиёт
Видеоконференция шаклида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги делегацияси билан биргаликда ташкил этилган «ЕИ – Ўзбекистон» ривожланиш масалалари бўйича кичик қўмитасининг 3чи йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг 15 та тегишли вазирлик ва идоралари вакиллари, ЕИ Бош дирекцияси ва Европанинг ташқи ҳаракатлар хизмати вакиллари - Европа Комиссиясининг Яқин Шарқ, Форс кўрфази, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Бош директорат раҳбари С.Ринальди ва Европа ташқи алоқалар хизматининг Марказий Осиё минтақаси бўйича бошқарма раҳбари Б.Ярошевич иштирок этдилар. Ўзбекистон томонидан инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Ш.Вафаев йиғилишга ҳамраислик қилди.
Келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари, шунингдек, Европа Иттифоқининг 2014-2020 йилларда Ўзбекистон билан икки томонлама молиявий-техникавий ҳамкорлик бўйича Европа комиссиясининг амалдаги дастурий циклини амалга оширишнинг кўриб чиқилиши учрашув кун тартибидаги асосий масалаларни ташкил қилди, унинг доирасида Европа Иттифоқи Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш учун ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантиришга 168 млн евродан ортиқ миқдорда грант маблағлари ажратилди.
Европа Иттифоқи вакиллари «Team Europe» ташаббуси 2021-2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорликнинг дастур циклини ишлаб чиқишнинг муҳим таркибий қисмига айланишини таъкидладилар, унинг доирасида Европа Иттифоқи мамлакатлари ва аъзо давлатлар ўзларининг саъй-ҳаракатларини устувор соҳаларда йирикроқ лойиҳаларни молиялаштириш учун бирлаштирадилар. Янги ташаббус ҳақида гапирар экан, С.Риналди шундай деди: «2020 йилдан кейинги давр учун Европа Иттифоқининг ривожланиш соҳасидаги ҳамкорлик дастурларини режалаштириш оғир шароитларда амалга оширилмоқда: иқлим ўзгариши ва экологик таназзулнинг таъсири каби олдиндан мавжуд муаммолар COVID-19 пандемияси билан мураккаблашди. COVID-19 инқирозидан кейинги тикланиш жараёни барқарор, ижтимоий жиҳатидан адолатли ва иқлим жиҳатидан бетараф иқтисодиётни таъминлаш зарурлигига асосланади. Европа комиссияси сиёсатининг умумий устуворликлари билан бир қаторда, барқарор ривожланиш соҳасидаги мақсадлари Европа Иттифоқининг ривожланиш мақсадида ҳамкорлик қилишининг асосий мақсади бўлиб қолади. Тeam Europe ташаббуслари янги дастурнинг асосий хусусияти бўлади. Бу ташаббуслар - ривожланишга кучлироқ таъсир кўрсатиш учун кенгайтирилган лойиҳа пакетларини яратиш мақсадида Европа Иттифоқи ва аъзо давлатлари ўз кучларини бирлаштирадиган флагман дастурлардир.
Ўзбекистон томони ушбу циклни ишлаб чиқишни жадаллаштириш зарурлигига эътибор қаратди ва аниқ лойиҳалар рўйхатини шакллантириш учун биргаликда ишлашга тайёрлигини билдирди.
Сув хўжалиги, олий таълим, аҳолининг бандлигини таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, инвестициявий муҳитни яхшилаш, Оролбўйи минтақасининг экологик ва инновацион ривожлантириш, шунингдек, пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишга салбий таъсирини камайтириш каби соҳаларни қамраб оладиган ҳамкорликни янада чуқурлаштириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунлари бўйича 2021 йилнинг иккинчи ярмида тасдиқланиши кутилаётган Европа Иттифоқининг янги бюджети ҳисобидан амалга ошириш учун таклиф қилинаётган лойиҳалар рўйхати шакллантирилишини ниҳоясига етказиш мақсадида бир қатор қўшимча маслаҳатлашувларни ўтказиш тўғрисида келишувларга эришилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги