Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Адлия вазирлиги: Европа Иттифоқи билан ҳуқуқий масалалар бўйича мулоқот
2020-10-27 | Жамият
2020 йил 26-27 октябр кунлари Ўзбекистон Республикаси Aдлия вазирлиги Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда тартибга солиш таъсирини баҳолаш ва қонунчиликни тизимлаштириш” мавзусида вебинар ўтказмоқда.
Вебинар Европа Комиссиясининг Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш бўйича Бош Дирекциясининг (DEVCO) Техник ёрдам ва ахборот алмашинуви (TAIEX) дастури доирасида ташкил этилмоқда.
Тадбирда Aдлия вазирлиги, вазирликнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг, шу жумладан, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти масъул ходимлари иштирок этмоқда.
Маърузачи сифатида Испания, Франция Aдлия вазирликлари мутахассислари, шунингдек, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари таклиф этилган.
Вебинарнинг биринчи кунида ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш, ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни бартараф этиш ҳамда тартибга солиш юкини камайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегациясининг раҳбари жаноб Юсси Нарви ўзининг кириш сўзида мамлакатимизда ҳуқуқий тартибга солиш соҳасида сифатли ўзгаришлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
“Вебинарнинг асосий мақсади норма ижодкорлиги соҳаси мутасаддиларининг, аввало Aдлия вазирлиги ходимларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш ва қонунчиликни тизимлаштириш соҳасидаги салоҳиятини оширишдан иборат. Бу борада биз ҳамкорликни давом эттиришга ва Ўзбекистонга ҳуқуқий тартибга солишнинг илғор Европа тажрибалари билан танишишида амалий ёрдам беришга тайёрмиз”, – деди жаноб Юсси Нарви.
Вебинарнинг биринчи кунида Хорватиянинг бюрократик тўсиқларни қисқартириш лойиҳаси (HITROREZ) бўйича маъруза киритилган. Ушбу лойиҳа доирасида 2683 та меъёрий ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиб, улардан 55% соддалаштирилиши натижасида ҳар йили корхоналар ва истеъмолчилар учун харажатларни 65 миллион долларга камайтирилишига эришилган.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда ҳам ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, давлат раҳбарининг тегишли қарорида жами 2,5 минг га яқин эскирган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз кучини йўқотган деб топилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, Адлия вазирлиги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли орган этиб белгиланди.
Айни вақтда вебинарнинг биринчи куни давом этмоқда. Таъкидлаш жоизки, вебинарнинг иккинчи кунида Франция, Испания ва Полша давлатларининг қонунчиликни тизимлаштириш бўйича тажрибаси тўғрисида маърузаларни тинглаш режалаштирилган.
А. Абдухолиқов.
Қонун ҳужжатларини таҳлил қилиш ва туркумлаш бошқармаси ходими.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги