Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қозоғистонда “Ўзбек тили дўстлари” клуби фаолиятини ривожлантириш доирасида давра суҳбати ташкил этилди
2020-10-26 | Маданият
НУР-СУЛТОН, 26 октябрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Қозоғистондаги элчихонаси томонидан «Ўзбек тили дўстлари» клуби фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш мавзусида давра суҳбати ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Давра суҳбатида Қозоғистон Республикаси Халқ ассамблеяси вакиллари ва илмий-эксперт кенгаши аъзолари, Қўлёзмалар ва ноёб китоблар миллий маркази раҳбарияти, Ўзбек этно-маданий марказлари аъзолари, тилшунос ва адабиётшунос олимлар, ватандошлар иштирок этди.
Иштирокчиларга мамлакатимизда давлат тилини ривожлантириш бўйича сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар, қабул қилинган қонун, фармон ва қарорлар мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, Ўзбекистонда истиқомат қилувчи барча миллат ва элат тилларига ҳурмат кўрсатилиши, улар ривожи учун шароит яратилгани таъкидланди.
Тадбирда сўзга чиққан Нур-Султон шаҳри акимати Ички сиёсат бошқармасининг бошлиғи Т.Рахманберди ва Қозоғистон халқлари Ассамблеяси раиси ўринбосари Ш.Пўлатов Ўзбекистонда ўзбек тилига давлат мақоми берилгани 31 йиллиги муносабати билан самимий табрик йўллади.
Шунингдек, Евроосиё миллий университети археология ва этнология кафедраси профессори Ж.Артикбаев ўзбек тилини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларни эътироф этди.
— Ёшларга тил билиш барча муваффақиятларнинг гарови эканини сингдириш билан бирга, ҳар бир инсон аввало ўз она тилини чуқур ўрганиши зарурлиги таъкидлашимиз керак, — деди Ж.Артикбаев. — Ўзбекистон Президенти ва ҳукумати ўзбек тилининг софлигини сақлаш ва халқаро ҳамжамиятда унинг мавқеини ошириш борасида сезиларли ишларни амалга оширмоқда. Ўз ўрнида Қозоғистон ҳудудларида яшаётган, хусусан, Сайрамдаги «Ўзбек этноси» тарихий мавқеини сақлаб қолиш ҳам жуда муҳим. Ўтаётган тил байрами инсонни она тилига ва ўз xалқига бўлган меҳр-муҳаббатини жўш урдирувчи бетакрор байрамдир. Тил байрами шунингдек, xалқлар ўртасида ўзаро тотувлик ва дўстлик ришталарини мустаҳкамловчи муҳим омил ҳисобланади.
Тадбирда Қозоғистон Республикаси Қўлёзмалар ва ноёб китоблар миллий маркази бўлим бошлиғи К.Паримбекова икки халқ тегишли тарихий ноёб қўлёзмаларни ўрганишнинг бугунги ҳолати ҳақида айтиб ўтди.
— Ўзбекистон ва Қозоғистондаги музей ва кутубхоналарда сақланаётган тарих, фан, адабиёт ва санъатга оид манбаларни ўрганиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишмиз зарур, —деди К.Паримбекова. — Бундан ташқари икки мамлакат олимлари хорижий давлатларда сақланаётган ўзбек ва қозоқ халқи учун бебаҳо саналган асарларни ўрганиш ва қайтариш бўйича ҳамкорликда иш олиб борса, икки томон учун ҳам фойдали бўларди. Шу ўринда яна бир масалани кўтармоқчиман. Яъни, бугунги кунда Германия давлат архивида сақланаётган Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг» ва шунга ўхшаш бошқа ноёб асарларни ўзбек ва қозоқ тилларига таржима қилиш бўйича ўзбекистонлик тилшунос олимлар биргаликда ишлашни таклиф қиламан.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги