Дилдан тубидан отилган бу сўз бугунги кунда ҳар бир Ватан ҳимоячисининг, хусусан Ички ишлар идоралари ходимларининг фаолиятида қалб қўъри ва виждон амрига айланган. Бундан эзгу шиор Наманганда 25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари кунига бағишланган тантанали тадбирда баралла янгради.
Дарҳақиқат, осойишталик посбонларининг меҳнатини ҳар қанча эътироф этсак оз. Боиси улар кунда ҳам, тунда ҳам гоҳ автомобиль қатнов йўлларида, гоҳ маҳалла ва кўпқаватли уйлар атрофида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлашдек масъулиятли ва шарафли вазифани ўз зиммаларига олишган.
Тантанали тадбирда Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов Ватанига содиқ бўлган осойишталик посбонларини касб байрами билан қутлаб, кейинги йилларда мамлакатимизда тинчлик-хавфсизлик ва аҳоли саломатлиги масаласига давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида аҳамият қаратиб келинаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 октябрдаги Фармони билан “Мардлик” ордени билан тақдирланган Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Одил Отахўжаев, “Содиқ хизматлари учун” медалига сазовор бўлган Наманган шаҳридаги “Озод” маҳалла фуқаролар йиғини профилактика инспектори Азимхўжа Наманхўжаевларни табриклаб, жамоат хавфсизлиги, халқимиз осойишталигини таъминлаш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашда уларнинг муносиб ҳиссаларини алоҳида эътироф этди.
Қайд этиш жоиз, Наманган шаҳрида “Хавфсиз шаҳар”, “хавфсиз маҳалла” концепциясини амалга ошириш, соҳага энг илғор тажрибаларни, ахборот коммуникация технологияларни татбиқ этиш борасидаги изчил ишлар республика миқёсида тажриба тариқасида оммалаштирилмоқда.
Ички ишлар соҳасида шахсий таркибни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг яшаш ва хизмат шароитларини яхшилашга эътибор берилмоқда.
Жумладан, Наманган шаҳрининг Исломобод ва Байналмилал маҳаллалари ҳудудида осойишталик посбонлари учун кўпқаватли уйлар қуриб, фойдаланишга топширилди.
Юртимиз бошига тушган оғир синовларда, айниқса коронавирус пандемиясига қарши курашиш, Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида юз берган офатни бартараф этишда наманганлик ички ишлар идоралари вакиллари ҳам мардлик ва жасорат намунасини кўрсатдилар. Тизимдаги 51 нафар ходим Президентимиз томонидан “Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан мукофотланди.
Ҳар бир ходимнинг қасамёдига садоқати унинг бенуқсон хизмат олиб боришига асос бўлади. Сана муносабати билан ҳамкасбларига ва ёш ходимларга ўрнак ҳамда намуна бўлиб келаётган бир гуруҳ ходимларга Наманган вилояти ҳокимининг Фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалари, Ички ишлар вазирлигининг "Аъло хизмати учун", I, II, III даражали "Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун" кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Вилоят санъат усталари ижросидаги концерт дастури йиғилганларга байрамона кайфият улашди.
Оқилхон Дадабоев, Сардорбек Болтабоев (суратлар)
Манба: ЎзА