Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Давлат фуқаролик хизматида рақамли технологиялар

2020-10-26 | Технологиялар

Бугун замоннинг ўзи ҳар бир тизимга рақамли технологияларни жалб этишни, хусусан, давлат фуқаролик хизматида инновацион технологияларни кенг қўллашни талаб этмоқда.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5843-сон Фармонига мувофиқ Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг асосий вазифаларидан бири этиб, давлат фуқаролик хизмати соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва уларни изчил такомиллаштириб бориш, давлат фуқаролик хизматчилари шахсий маълумотларининг хавфсизлигини таъминлаган ҳолда улар тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш вазифаси белгиланган.

Шунга мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотларида ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш мақсадида Агентлик томонидан республикамизда ўхшаши бўлмаган, кенг қамровли “Давлат фуқаролик хизмати ягона электрон ахборот-таҳлил тизими” дастурий-аппарат комплексини жорий этиш ишлари олиб борилмоқда.

Давлат раҳбарининг 2020 йил 2 мартдаги “2017 - 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ–5953-сон Фармонига асосан шу йил ишга тушурилиши режа қилинган мазкур дастурий аппарат комплекси республикамизнинг 20 дан ортиқ вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда яратилмоқда. Чунки, дастурий-аппарат комплексидаги қуйи тизимлар республикамиздаги бир қатор вазирлик ва идоралар томонидан шакллантирилган маълумотлар базасига боғлиқдир.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Давлат персоналлаштириш маркази ва шу каби яна бир нечта ташкилотлар фаоллик кўрсатмоқда.

Ўтган вақт давомида, олиб борилган сайъ-ҳаракатлар натижасида дастурий-аппарат комплексининг қуйи тизимларидан аксарияти ишлаб чиқилиб, синовдан ўтказилмоқда.

Хусусан, Давлат фуқаролик хизматидаги вакант лавозимларга муносиб номзодларни ишга қабул қилиш мақсадида ишлаб чиқилган vacancy.argos.uz “Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона портали” ишга туширилди.

Мазкур портал давлат органлари ва ташкилотларидаги вакант лавозимларни эгаллаш учун номзодларнинг очиқ мустақил танловларини ташкил этадиган электрон тизим бўлиб, Интернет тармоғида «бир дарча» тамойили асосида фаолият кўрсатади.

Портал барча Ўзбекистон фуқароларига вакант лавозимларга электрон тарзда ҳужжат топшириш имкониятини беради ҳамда номзодларни давлат фуқаролик хизматига қабул қилинишида инсон омилини минимал даражага туширишга хизмат қилади.

Айни вақтда vacancy.argos.uz портали орқали тажриба тариқасида
3 та вазирлик, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва 35 та туман ҳокимиятидаги вакант лавозимлар бўйича танловлар эълон қилинган.

Ундан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Қишлоқ ҳўжалиги вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда 35 та туман ҳокимликлари бўйича эълон қилинган танлов ўз якунига етиб, мавжуд 76 та вакансияга 1 724 нафар номзодлар айнан дастурий-аппарат комплексининг vacancy.argos.uz портали орқали электрон тарзда ўз ҳужжатларини юборган.

Шунингдек, дастурий-аппарат комплексининг синов тариқасида ишга туширилган қуйи тизимларидан бири давлат фуқаролик хизматчиларининг билимларини аниқлайдиган ҳамда уларнинг психологик портретини яратиш учун хизмат қиладиган Давлат хизматчиларини синовдан ўтказиш электрон ахборот тизими ҳисобланади.

Мазкур тизимни синовдан ўтказиш даврида 14 та вазирлик ва идораларнинг 30 000 нафардан зиёд ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарийб 5 000 нафар, жами 35 000 нафардан зиёд ходимлари 4 та йўналиш бўйича (иқтисодиёт, маънавият, ахборот-коммуникация технологиялари, сиёсат ва ҳуқуқ асослари) билимлари онлайн тест орқали баҳоланди.

Бу орқали эса мазкур тест топширган давлат хизматчиларига қайси йўналишларда малака ошириш ва қайта тайёрлаш ишларини ташкил этиш лозим эканлиги аниқ кўзга ташланди.

Ҳозирда мазкур тизимни синовдан ўтказиш даврида юзага чиққан камчиликлари бартараф этилиб, янада такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Айни вақтда Агентлик дастурий-аппарат комплексининг қуйи тизимларидан бири бўлган давлат хизматчиларининг фаолиятини автоматик тарзда холисона баҳолашга замин яратувчи Давлат хизматчиларининг профессионал хизмат фаолиятини комплекс баҳолаш электрон ахборот тизимини тўлиқ шакллантириш устида “Ягона интегратор – “Ўзинфоком” ва бир қатор вазирлик ва идоралари мутахассислари билан иш олиб бормоқда.

Чунки, мазкур электрон ахборот тизим шакллантирилишида асосий бўлган энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари тегишли вазирлик
ва идоралардан тақдим этиладиган маълумотларга бевосита боғлиқдир.

Бу борада Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Давлат солиқ кўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва бошқа бир қатор вазирлик ҳамда идоралар томонидан ҳаққоний ва сифатли маълумотлар ўз вақтида киритиб борилиши муҳим аҳамият касб этади.

Хулоса ўрнида айтиб ўтадиган бўлсак, мазкур дастурий-аппарат комплексини амалиётга жорий этилиши давлат органлари ва ташкилотларининг давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги фаолиятининг очиқлиги ва ҳисобдорлигига, давлат фуқаролик хизматидаги вакант лавозимлар меритократия тамойили асосида энг муносиб номзодлар билан тўлдирилишига, давлат хизматчилари, уларнинг касбий фазилатлари ва хизматларига адолатли ва холис баҳо берилишига, давлат органлари ва ташкилотлари зарур билим ва касбий кўникмаларга эга бўлган малакали мутахассислар билан таъминланишига, давлат хизматчиларининг қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари, шунингдек уларнинг натижаларини баҳолаш тўғрисида маълумот базаси шакллантирилишига эришилади. Шунингдек, миллий кадрлар захирасини шакллантириш имкони яратилиб, давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри юритилади ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг сон ва сифат таркиби таҳлили “HR метрика” учун замин яратилади.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Ахборот хизмати

Поделиться