Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Семинар янги ташаббусларга замин яратди
2020-10-26 | Иқтисодиёт
Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманида “Шўрланган ерларнинг шўрини ювиш” мавзусида кўргазмали илмий-амалий семинар ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирликлари, Ирригация ва сув муаммолари илмий тадқиқот институти, Амударё ҳавзасида жойлашган вилоятларнинг сув хўжалиги мутахассислари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги барча тизим ташкилотлари ва туман ирригация бўлимлари масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев кириш сўз билан очди.
– Муҳтарам Президентимиз жорий йилнинг 2 октябрь куни Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида сув хўжалиги соҳасини ривожлантириш, мавжуд сув манбаларидан самарали фойдаланиш ва экин майдонларининг шўрланиш даражасини камайтириш бўйича қатор вазифаларни белгилаб берган эдилар, – деди Ш.Хамраев. – Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ишчи гуруҳ экин майдонларини кўздан кечириб, Қорақалпоғистонда ер майдонларини лазер қурилмалари ёрдамида текислаш ва шўр ювишни ташкил этиш бўйича кўргазмали илмий-амалий семинар уюштиришга келишиб олди.
Семинарда таъкидланишича, эндиликда олдинги йиллардагидек, ойлаб шўр ювишга сув беришнинг имкони йўқ. Мавжуд сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш учун эса ерларни шўр ювишга сифатли тайёрлаш лозим. Шу боис жорий йилда бу тадбирга алоҳида тайёргарлик кўрилди. Масалан, Қорақалпоғистон Республикасида 2020-2021 йиллар кузги-қишки даврда жами 155,72 минг гектар майдонда шўр ювиш тадбирларини ўтказиш белгиланган. Шундан, 23,37 минг гектари кучли шўрланган майдон бўлса, 77,85 минг гектари ўрта ва 54,49 минг гектари кучсиз шўрланган майдонлар. Бу борада барча туманлардаги экин майдонлари кесимида шўрланиш даражаси ва шўр ювиш тадбирларини ўтказиш жадваллари ишлаб чиқилган.
Кўргазмали семинар иштирокчилари ижтимоий масофани сақлаган ҳолда гуруҳларга бўлиниб, пешлавҳалардаги тақдимотлар ва даладаги амалий ишлар билан танишдилар. Улар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олдилар.
Семинарда шўрланган майдонларда амалга ошириладиган агротехник тадбирлар, қўлланиладиган воситалар ҳақида маълумотлар берилди ва махсус кесувчи қурилма билан жиҳозланган инновацион Hyundai R220LC-9S экскаваторининг ишлаши намойиш этилди.
Кўргазмали илмий-амалий семинар юқори ташкилотчиликда ўтди ва янги ташаббусларга замин яратди, дейиш мумкин. Тадбир якунида Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманларида 2020-2021 йилларда кузги-қишки шўр ювиш ва ерларни лазер ускунаси ёрдамида текислаш бўйича кўргазмали семинарлар ўтказишга келишиб олинди.
Тадбир доирасида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди.
Ғайрат ОТАЖОНОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби
Манба: Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирлиги