Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Маҳалла тизими ходимлари иш фаолияти танқидий таҳлил қилинди
2020-10-25 | Жамият
Бугун Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида маҳаллаларда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган янги тизимни жорий этиш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, “Аёллар дафтари”ни шакллантиришда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов жорий йилнинг 9 ойи давомида тизимда олиб борилган ишлар таҳлили танқидий кўриб чиқилган мазкур йиғилиш аввалида юртимиздаги оилавий тадбир ва йиғинлар баъзи фуқароларимиз томонидан карантин қоидаларига риоя этилмасдан ўтказилаётганлиги натижасида мавжуд эпидемологик ҳолат ҳамон кескинлигича сақланиб қолаётганлигини алоҳида қайд этиб ўтди. Шу сабабли тўй ва бошқа маросимларни ўтказишда фуқароларимизнинг мавжуд тартибларга қатъий риоя этишлари учун маҳалла ходимлари ва профилактика инспекторларининг масъулияти катта эканлигини таъкидлади.
Йиғилишда таъкидланганидек, эндиликда юртимизда хотин-қизлар ва ёшлар билан ишлаш бўйича янги иш тизими йўлга қўйилади. Яъни ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида “Аёллар дафтари” шакллантирилиб, хотин-қизларни ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлаш, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз аёллар билан тизимли, манзилли иш олиб бориш йўлга қўйилади.
Вазир Р.Маматов ўз сўзи давомида жойларда оилаларни мустаҳкамлаш, уларнинг мавжуд муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш борасида олиб борилаётган ишларга танқидий баҳо берар экан, жорий йилнинг 9 ойи давомида нотинч оилаларнинг умумий сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан камайган бўлсада, Тошкент шаҳри, Навоий, Фарғона, Қашқадарё, Андижон, Жиззах ва Бухоро вилоятларида бу каби оилалар сони ошганлигини таъкидлаб ўтди. Оилавий ажралишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан камайган, аммо Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида кўпайиш ҳолати қайд этилган.
Видеоселектор йиғилишида ёшлар таълим-тарбиясини ошириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ижтимоий фаол кекса авлод вакилларини кенг жалб этиш борасида олиб борилаётган ишларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Айтиб ўтилганидек, маҳаллалардаги обрў-эътиборли кекса авлод вакилларини тарбияси оғир ёшлар, нотинч, ажралиш ёқасига келиб қолган оилаларга бириктириш чоралари кўрилмаяпти. Натижада юқорида айтиб ўтганимиздек, ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасида турли ҳуқуқбузарлик ҳолатлари кузатилмоқда.
Йиғилиш давомида фуқаро мурожаатлари билан ишлаш бўйича олиб борилаётган жараёнлар ҳам талабга жавоб бермаслиги, ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқ саҳифалари орқали соҳа фаолияти, шунингдек, фуқаролар ҳаётига оид танқидий материалларга аксарият ҳудудий бўлинмалар тезкорлик билан жойига чиққан ҳолда ўрганишни асоссиз кечиктираётганлиги таҳлилий мисоллар асосида қайд этиб ўтилди.
Видеоселектор давомида вазирлик ҳамда ҳудудий бўлинмалар масъул раҳбарларининг белгиланган вазифалар ижроси бўйича ахбороти эшитилди. Фаолиятида хато ва камчиликларга йўл қўйган ходимларга ўрнатилган тартибда тегишли жазо чоралари кўрилди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Ахборот хизмати.