Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сув хўжалигини рақамлаштириш йўлида яна бир янги тизим яратилди
2020-10-25 | Технологиялар
Мамлакатимизда 4,3 миллион гектар суғориладиган ерлар мавжуд. Шундан 1,9 млн гектари турли даражада шўрланган.
Хабарингиз бор, Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида сув ресурсларини барқарор бошқариш” дастури доирасида БМТ Тараққиёт дастури “Техник салоҳиятни мустаҳкамлаш” лойиҳасини амалга ошириб келмоқда. Сув хўжалиги вазирлиги ушбу лойиҳанинг миллий ҳамкори ҳисобланади.
Лойиҳа доирасида Ўзбекистон Республикасининг “Мелиоратив тармоғи учун мониторинг ва ахборот алмашиш” тизими яратилди. Ушбу тизим Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги 13 та экспедициядан олинган мелиорация маълумотлари базасини шакллантиради ва тўпланган маълумотлар Сув хўжалиги вазирлигида жамланади.
Натижалар геоахборот тизимлари орқали таҳлил қилинади. Ер ости сувларининг сатҳи ва минераллашуви, тупроқ шўрланиши, коллектор-дренаж сувларининг миқдори ҳамда сув-туз баланси тўғрисида маълумотлар базаси яратилади.
Геоахборот тизимлари суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини кузатиш, суғориладиган ерлардаги ер ости сувлари ва туз баланси даражасини тартибга солиш, кимёвий, агромелиоратив ва агротехник тадбирларни белгилаш ва режалаштириш, суғориладиган ерларнинг ҳолатини яхшилаш, сув-ер ресурсларининг унумдорлигини ошириш учун коллектор-дренаж тармоғини такомиллаштириш бўйича конструктив ечимларни ишлаб чиқиш имконини беради.
Мониторинг тизимини яратиш учун лойиҳа томонидан 14 та сервер ва 52 та офис ускуналари, 14 та рангли кўп функцияли принтер ва харита кўринишидаги материалларни чоп этиш учун 14 та плоттер сотиб олинди. 150 та GPS мосламалари туман ирригация бўлимларига тегишли мелиоратив қудуқ ва постлардан маълумот олиш чоғида уларнинг жойлашган ўрнини аниқлаш учун фойдаланилади. Ускуналар ArcGIS С дастури ва бошқа дастурий маҳсулотлар билан жиҳозланган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирлиги