Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Фарҳод Эрманов: Хоразмда нарх-наво барқарорлиги сақланади

2020-10-25 | Иқтисодиёт

Вилоят ҳокимлигида халқ депутатлари Хоразм вилоят кенгашининг навбатдаги сессиясида 2020 йил якуни ва 2021 йил май ойигача озиқ-овқат хавфсизлигини ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Сессияда 1 миллион 872 мингдан зиёд аҳолиси бўлган Хоразм вилоятида коронавирус пандемияси даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш, зарур миқдорда озиқ-овқат захирасини яратиш, бу борадаги муаммоларни бартараф этиш бўйича муайян ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
 
Маълумки, жорий йилнинг 16 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борада кечиктириб бўлмайдиган бир қатор вазифалар белгилиб берилди.
 
Сессияда вилоят ҳокими Фарход Эрмановнинг ҳисоботи тингланди.
 
– Вилоятимиз аҳолиси учун 2020 йил ноябрдан 2021 йил майгача бўлган даврга қадар аҳоли истеъмоли учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабни ҳисоб-китоб қилдик, – дейди Ф.Эрманов. – Хусусан, тиббиёт меъёрларига асосан 6 ойлик талаб мол ва қўй гўшти 26 минг 200 тонна, парранда гўшти 13 минг 900 тонна, балиқ 6 минг 600 тонна, картошка 49 минг 200 тонна, гуруч 9 минг 200 тонна, ун 73 минг 100 тонна, шакар 10 минг 300 тонна, тухум 194 миллион 700 минг дона, ўсимлик ёғи 8,5 минг тонна, пиёз 6 минг 300 минг тонна ва сабзи 18 минг 3 минг тонна сабзидан иборат. Вилоятда аҳолининг гўшт, парранда гўшти ва тухум маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўла қондириш мақсадида чорвачилик ва паррандачилик соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, жорий йилда чорвачилик билан шуғулланувчи 96 тадбиркорга 185 миллиард ва паррандичлик йўналишидаги 24 нафар тадбиркорларга 45 миллиард сўмлик кредит маблағлари ажратилди. Балиқ маҳсулоти 731 та балиқчилик хўжаликлари ва 3 та кластер фермер хўжаликлари томонидан аҳолига арзон нархларда етказиб берилади.
 
Вилоят ҳокимининг сўзларига кўра, ҳудудда картошка ва пиёз маҳсулотларига ички талабни инобатга олган ҳолда 20 минг тонна картошка ҳамда 10 минг тонна пиёз маҳсулоти Россия давлатидан ҳамда Самарқанд ва Тошкент вилоятларидан сотиб олинади. Гуруч маҳсулоти ҳам фермер хўжаликлар томонидан асосий ва такрорий майдонларда етиштирилган гуручни шартнома асосида давлат захирасига харид қилиш ишлари олиб борилмоқда. Ун, шакар ва ўсимлик ёғи маҳсулотларининг ҳам етарли базаси яратилади.
 
Сессияда бугунги кунда коронавирус пандемияси талабларини инобатга олган ҳолда аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш бўйича қўшимча имкониятлар яратиш мақсадида вилоят ҳокимлиги ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш жамғармаси тузилганлиги маълум қилинди. Ушбу маблағларининг мақсадли ва аниқ сарфланиши қатъий назоратга олинади. Вилоятдаги шаҳар ва туманларнинг ҳар бир маҳалласида озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилишга мўлжалланган кичик савдо дўконлари ташкил этилиши маълум қилинди.
 
– Деҳқон бозорларида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида юзага келаётган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш, аҳолининг нарх-наво бўйича фикр-мулоҳазаларини таҳлил қилиб бориш мақсадида “Кол-центр” ташкил этилади, – дейди Ф.Эрманов. – Бугунги кунда аҳолини амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан таништириш, уларнинг муаммолари ечими бўйича ҳисоботлар бериш мақсадида шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари ҳамда сектор раҳбарлари томонидан ўз ҳудудида яратилган тизим, бозордаги шарт-шароитлар ҳамда нарх-наво бўйича телевидение ва ижтимоий тармоқларда доимий чиқишлар ташкил этилади. Аҳолимизнинг жорий йил ноябрь келгуси йилнинг апрель ойлари учун асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи тўлиқ қондирилади. Буни амалга ошириш учун тизимли ишлар ташкил этилган. Бозорларда нарх-навонинг асоссиз ўсишини олдини олиш бўйича зарурий чора-тадбирлар ҳам белгилаб олинган.
 
Сессияда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш масалалари юзасидан вилоят сектор раҳбарларининг ахбороти ва депутатларнинг фикрлари тингланди. Журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди. Муҳокама қилинган масалалар бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
 
Аҳмаджон ШОКИРОВ

Манба: ЎзА

Поделиться