Сурхондарёга ўсимлик ёғи ва шакар тўғридан-тўғри хориждан олиб келинади, нархи 25 фоизгача арзонлашади
Бу ҳақда халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг навбатдаги сессиясида маълум қилинди.
Унда воҳада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ички бозордаги нарх-наво асоссиз ўсиб кетишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилди.
Видеоселектор шаклида ўтказилган сессияда вилоят студиясида халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари, вилоят ҳокими ўринбосарлари ва мутасадди ходимлари, секторлар, ташкилот ва корхоналар раҳбарлари, оммавий-ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Шаҳар ва туман студияларида тўртта сектор раҳбарлари, ҳудуддан вилоят кенгашига сайланган депутатлар, доимий комиссиялар раислари, шаҳар, туман ҳокими ўринбосарлари қатнашди.
Жорий йилнинг 16 октябрь куни Президентимиз раислигида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борада зудлик билан амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор вазифалар белгилаб берилган эди. Шунга мувофиқ Сурхондарё вилоятида ҳам куз-қиш ва баҳор фаслида аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, нархларнинг асоссиз ўсиб кетишининг олдини олиш ва маҳсулотларни узлуксиз етказиб бериш бўйича аниқ ҳисоб-китобга асосланган чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Вилоят ҳокими Тўра Боболов бошқариб борган сессияда мазкур масала юзасидан вилоят тўрт сектори раҳбарларининг ҳисоботи тингланиб, атрофлича муҳокама этилди.
Воҳада аҳолининг асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари жумладан, гўшт, картошка, гуруч, пиёз, ун, шакар, тухум ва ўсимлик ёғига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш, бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлаш учун штаб, жойларда ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, вазифалари белгилаб олинган.
Маълумотларга кўра, жорий йил ноябрь ва янги йилнинг қиш-баҳор фасли учун вилоят аҳолисининг гўшт, ун ва тухумга бўлган эҳтиёжини вилоятнинг ички имкониятлари ҳисобидан, балиқ, картошка, гуруч ва пиёз маҳсулотларини қисман бошқа вилоятлардан олиб келиш ҳисобига ҳамда шакар ва ўсимлик ёғи импорт ҳисобидан қопланади.
Вилоятда аҳолининг гўшт маҳсулотига бўлган эҳтиёжини тўла қондириш имконияти мавжуд. Жумладан, сўнгги уч йилда чорвачилик билан шуғулланувчи 153 тадбиркорга 237 миллиард сўмлик ва паррандачилик йўналишидаги 41 тадбиркорга 322 миллиард сўмлик кредит маблағи ажратилган. Бунинг эвазига зотли чорва моллари 27,4 минг бошга ва парранда сони 1,5 миллионтага кўпайишига эришилди.
Таҳлилларга кўра, 2021 йилнинг май ойигача қора мол ва қўй гўштига бўлган эҳтиёж 60,5 минг тоннани, тухумга бўлган талаб 277 миллион донани ташкил этади. Бу талаблар ички имконият ҳисобидан тўлиқ қондирилади.
Айни пайтда вилоятда 981 минг бош йирик шохли, 2 миллион 400 минг майда шохли чорва моллари парвариш қилинмоқда. 5 миллион парранда боқилаётир. Аҳоли эҳтиёжларини қондириш мақсадида сўнгги уч йилда вилоятга четдан 27,4 минг бош гўшт ва сут йўналишидаги наслли чорва моллари келтирилиб, 280 бош молнинг насли янгиланди.
Вилоят аҳолисининг картошка, гуруч, пиёз ва балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш учун уларни тадбиркорлик субъектлари билан мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан олиб келиш йўлга қўйилиб, Самарқанддан 109 та, Тошкент вилоятидан 18 та ва Жиззахдан 51 таъминотчи билан шартнома тузилди.
Тақдимотда аҳолининг картошкага бўлган эҳтиёжи 84,4 минг, гуручга талаби 12,7 минг тоннани ташкил этиши кўрсатиб берилди. Картошканинг 71,7 минг тоннаси маҳаллий ва 12,7 минг тоннаси импорт ҳисобидан, гуручнинг 8,9 минг тоннаси воҳа имкониятларидан, 3,8 минг тоннаси Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ҳисобидан қопланиши тақдим этилди. Маҳаллий гуруч вилоятда такрорий экин сифатида етиштирилган 3 минг 897 гектар ва Музработ туманининг чегара ҳудудидаги 2,5 минг гектар ерда парваришланган шоли эвазига қопланади.
Шунингдек, Қорақалпоғистон ва хоразмлик ўн тадбиркор билан аҳоли эҳтиёжи учун 3,8 минг тоннадан ортиқ гуруч маҳсулотини харид қилиш бўйича шартнома имзоланди. Вилоят бозорларида шакар ва ўсимлик ёғининг нархи ошаётгани ўрганилганида бу маҳсулотлар воҳага тўғридан-тўғри импорт қилинмай, уч-тўрт воситачи орқали олиб келинаётгани ва улар томонидан устама нарх қўйилаётгани аниқланди. Ҳисоб-китоблар эса шакар ва ўсимлик ёғи воҳа тадбиркорлари орқали тўғридан-тўғри импорт қилинса, маҳсулотлар нархи 20-25 фоизга арзонлашиши маълум бўлди. Бу турдаги маҳсулотларни воҳага импорт қилиш учун 12 та таъминотчи корхона билан келишиб олинди.
Вилоят аҳолисининг ўсимлик ёғига эҳтиёжи 19,1 минг тоннани ташкил этиб, унинг 16,2 минг тоннасини воҳадаги “Сурхонозиқовқатсаноат”, “Агрохизмат Шингдонг” акциядорлик жамиятлари ва “Шариф-Н” масъулияти чекланган жамияти етказиб беради. Қолган қисмини импорт қилиш учун муайян ишлар бошлаб юборилди.
Аҳолини шакар билан узлуксиз таъминлаш учун эҳтиёж сезиладиган 16 минг тонна маҳсулот тўлиқ хориждан олиб келинади.
Давлатимиз раҳбари ғояси асосида аҳолининг асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини узлуксиз қондириш мақсадида вилоят ҳокимлиги ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш жамғармаси ташкил этилаётир. Унинг маблағи маҳаллий бюджет даромадлари прогнозининг ошириб бажарилган қисмидан зарур маблағ ажратилмоқда.
Жамғарма маблағлари ҳисобидан тадбиркорлик субъектлари қўллаб-қувватланиб, бозорларни етарли озиқ-овқат маҳсулотлари билан муттасил таъминлаш ва уларга бўлган талабни тўлиқ қондириш мақсадида маҳсулотларни талаб этиладиган миқдорларда етказиб бериш учун ссудалар берилади. Айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нарх-навосини аҳолига мақбул даражада сақлаб туриш учун уларни етказиб бериш харажатларининг бир қисмини қоплашга субсидиялар ажратиш йўлга қўйилади. Маблағларнинг мақсадли ва аниқ сарфланиши қатъий назоратга олинади.
Маҳаллаларда озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилишга мўлжалланган кичик эко-бозор ва савдо дўконлари ташкил этилиши ҳам аҳоли учун яна бир қулайлик бўлади. Бунда истеьмолчиларнинг транспорт ва бошқа турдаги ҳаражатлари қисқариб, карантин талаблари бўйича аҳолининг бир жойда тўпланиб қолишининг олди олинади. Натижада инфекция кенг тарқалишини чеклаш имконияти пайдо бўлади.
Деҳқон бозорларида секторлар раҳбарларининг навбати билан кунлик назорат ўрнатиши йўлга қўйилади.Маҳаллий депутатлар ва фаоллардан иборат жамоатчилик назорати гуруҳлари ташкил этилади. Бозорларда хизмат кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида юзага келаётган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш ҳамда аҳолининг нарх-наво бўйича фикр-мулоҳазаларини таҳлил қилиб бориш учун “Call-centre” ташкил этилаётир. Бу ерга келиб тушадиган мурожаатлар Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси мутасаддилари билан ўз вақтида ўрганилиб, зарур чоралар кўрилади.
Вилоятда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўлида белгилаб олинган вазифаларни изчил амалга ошириш бўйича тизимли ишлар ташкил этилаётгани бозорларда нарх-наво асоссиз ўсишининг олдини олиб, воҳа аҳолисининг осуда, тўкин турмуш кечиришига хизмат қилади.
Сессияда мутасаддиларга бу борада белгилаб олинган чора-тадбирлар ижросини сўзсиз бажариш бўйича тегишли топшириқлар берилди. Вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, қарорлар қабул қилинди.
Сессияда Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси О.Иминов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори А.Ходжаев иштирок этди.
Манба: ЎзА