Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Халқаро математика мактаби

2020-10-24 | Таълим

Қоракўл Бухоро вилоятининг жанубида жойлашган. Туман асосан қишлоқ хўжалиги — пахтачилик, ғаллачилик, чорвачилик ва мева-сабзавотчиликка ихтисослашган.

Туманда қоракўл териси азалдан машҳур. Бугун Қоракўл иқтидорли ёшлари билан ҳам танилиб бормоқда. Юртимизда тумандаги Халқаро математика мактабини билмаган ва эшитмаган одам топилмаса керак. 

Мактаб ҳовлисида бизни ёши улуғроқ киши кутиб олди. Ўзимизни тантиштиргач, тўғри директорнинг хонаси томон юрдик. Мактаб директори Темур Рўзиев бизни очиқ чеҳра билан қаршилади. Суҳбатимиз бирпасда қизиб кетди. Ушбу маскан дастлаб ихтисослашган мактаб-интернат шаклида ташкил этилган. 2019 йилда унга Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Халқаро математика мактаби мақоми берилди. Ўтган давр мобайнида мактаб ўқувчилари халқаро олимпиадаларда 20 та олтин, 9 та кумуш ва 9 та бронза медаль соҳиби бўлди. Шу боис, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимда ушбу мактаб фаолиятига алоҳида тўхталиб: “Бугун ушбу мактаб битирувчиларининг 95 фоиздан ортиғи олий ўқув юртларига ўқишга киряпти. Халқаро олимпиадалардан энг кўп медаль олиб келаётганлар ҳам айнан шу мактабнинг ўқувчилари ҳисобланади. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан, ҳаттоки пойтахт Тошкентдан ҳам одамлар ўз фарзандини Қоракўлга олиб бориб, ана шу мактабга ўқишга беришяпти. Биз бу таълим маскани эришаётган катта ютуқларни инобатга олиб, ўтган йили уни Халқаро математика мактабига айлантирдик”, деди. 

Дарҳақиқат, Қоракўлдаги Халқаро математика мактабини бугунги кунда мамлакатимиздан ташқарида ҳам яхши билишади, десак янглишмаган бўламиз. Мактаб учун, айниқса, 2019 йил омадли келди. Мактаб ўқувчилари Жанубий Африка Республикасининг Дурбан шаҳрида бўлиб ўтган халқаро математика олимпиадасида яккалик баҳсида 1 та олтин, 2 та бронза, жамоавий баҳсда эса 4 та бронза медални қўлга киритди.

Ўзига хос ўқитиш услуби

Халқаро математика мактабида ўқувчилар 3 та – техника (математика-физика), иқтисодиёт (математика-инглиз тили) ҳамда табиий (кимё-биология) фанлари бўйича билим олади. Мактабга ўқувчилар 7-синфдан қабул қилинади. Қабул жараёнлари адолат ва шаффофлик тамойиллари асосида бўлади. Талабгор ўқувчи икки маротаба имтиҳон топширади. Биринчи босқичдан муваффақиятли ўтган ўқувчи иккинчи синовга ҳозирлик кўради. Ҳар икки жараён ҳам ўқувчиларнинг ота-­оналари ёки яқинлари иштирокида ўтади ва талабгорлар олган баҳо шу куннинг ўзидаёқ эълон қилинади. Бу эса, табиийки, қобилиятли, зукко, билимга чанқоқ ёшларни саралаб олишга имкон беради. Энг муҳими, қабул жараёнида тамагирлик, қариндош-уруғчилик ҳамда таълим тизимига салбий таъсир этувчи бошқа омилларга йўл қўйилмайди. 

Ўқув машғулотлари аниқ жадвал асосида олиб борилади. Дарс эрталаб соат 8:00 да бошланиб, 45 дақиқа давом этади. Ўқитувчи ҳам, ўқувчилар ҳам дарсга масъулият билан ёндашади. Тушликдан сўнг ўқувчилар мустақил тайёргарлик машғулотларида устозлари кўмагида олган билимларини мустаҳкамлайдилар. 

Таъкидлаш жоизки, халқаро мактабда ҳар бир ўқувчи олий таълим муассасасига ўқишга киришга тайёрланиш билан бир қаторда, босқичма-босқич халқаро олимпиадаларга ҳам тайёргарлик кўради. Энг муҳими, ҳар бир ўқувчига индивидуал тарзда ёндашилади ва ўзаро соғлом рақобат муҳити асосида болаларнинг билими, салоҳияти ошириб борилади. Бу эса, ўз навбатида, мактабда фаолият юритаётган педагоглардан ҳам фидойилик, юксак билим, маданият талаб этади ва шу асосда уларнинг рейтинги шакллантирилади. 

Мактабнинг ўзига хос ўқитиш услуби бор. Ҳамма ўқувчи ётоқхонада яшайди. Ой якунида ўқувчилар ва она-оналар йиғилишини ўтказиш анъанага айланган. Йиғилишда ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштириш даражаси, одоб-ахлоқи, ютуқ ва камчиликлари жамоа орасида муҳокама қилинади. Дейлик, аъло баҳоларга ўқиётган ўқувчининг ота-онасига ташаккур айтилса, нисбатан пастроқ кўрсаткич қайд этган ўқувчининг ота-онасига жамоавий танбеҳ берилади. Бунинг натижасида ҳам ўқувчи, ҳам унинг ота-онасида яхши кўрсаткичга эришиш учун интилиш ва иштиёқ пайдо бўлади. 

Яна бир самарали услуб “мулоқот” деб номланади. Бунда ўқувчиларнинг бир ҳафта мобайнида эришган ютуқ ва камчиликлари эълон қилиб борилади. Ҳозир карантин туфайли бундай тадбирлар онлайн тарзда ўтказиляпти. Эътиборимизни тортган яна бир жиҳат “ишонч қутиси” бўлди. Унга ўқитувчи ва ўқувчилар ўқув жараёни қай тарзда кечаётгани, мавжуд муаммо ва камчиликлар, уларнинг ечимлари, шунингдек, таълим-тарбия жараёнини такомиллаштиришга оид фикр, таклиф ва мулоҳазаларини ташлаш имконига эга бўладилар. “Ишонч қутиси”га ташланган мурожаатларни мактаб директори ҳар ойда холисона ўрганиб чиқиб, чора-тадбирлар кўради. 

Анъаналар давом этади...

Халқаро математика мактаби эришаётган ютуқларда, шубҳасиз, ўқитувчи-педагогларнинг алоҳида ўрни бор. Энг қизиғи, 52 нафар ўқитувчининг аксарияти шу мактабнинг битирувчилари. Улар бугун устоз муаллим, ушбу мактабнинг асосчиси Тўхтамурод Жумаев бошлаб берган анъаналарни муносиб давом эттирмоқда. Бу инсонга хос фидойилик, тинимсиз изланиш ва меҳнатсеварлик шогирдларига ҳам ўтган. 

— Оддий қишлоқ мактабининг халқаро мақомга эга бўлиб, жаҳонга танилишида Тўхтамурод аканинг ҳиссаси ва меҳнати беқиёс, — дейди “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Темур Рўзиев. — Юртга садоқат билан хизмат қилишни мақсад билган устоз бутун умрини ёш авлод таълим-тарбиясига бағишлади. Олис туманда жойлашган мактабни бутун мамлакатга танитди. Шу боис, Тўхтамурод аканинг бу меҳнатлари давлатимизнинг яна бир юксак мукофоти — “Буюк хизматлари учун” орденига муносиб кўрилди.

Ўзаро ҳамкорлик

Мактабфаолияти билан яқиндан танишиш асносида ўз касбининг жонкуяр муаллимлари билан суҳбатларимиз ўзаро фикр алмашиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш хусусида кечди. Кези келганда, шуни ҳам айтиш керакки, Халқаро математика мактаби ва Ички ишлар вазирлиги академияси ўртасида бир неча йилдан буён ижодий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ушбу таълим мас­канида билим олган бир қанча иқтидорли ёшлар академияни муваффақиятли тамомлаб, айни пайтда республикамиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари сафида самарали хизмат қилмоқда. Халқаро мактаб жамоаси улар билан доимо фахрланади. 

Президентимиз ташаббуси билан мактабнинг янги биносида қурилиш ишлари якунланиш арафасида турибди. Мактаб ҳадемай номига муносиб, замонавий бинога эга бўлади. Келажакда шу ернинг ўзида олий таълим муассасасини ташкил этиш ва замонавий кластер усулида кадрлар тайёрлаш режалаштирилмоқда. 

Мактаб ўқувчиларининг хорижий тилларда бемалол сўзлай олишларини кўриб ҳам ҳайратландик, ҳам қувондик. Чунки улар бу ерда хорижий тилларни билиш даражасини аниқлаштирувчи IELTS дастури асосида таълим олишмоқда. Суҳбатларимиз асносида уларнинг келажакда янги Ўзбекистоннинг муносиб эгалари ва бунёдкорлари бўлишларига ишончимиз янада ортди.

Манба: «Янги Ўзбекистон»

Поделиться