Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Туркияда ўтказилган «Ўзбек тилидаги энг яхши видео» танлови ғолиб ва совриндорлари аниқланди
2020-10-24 | Маданият
Мамлакатимизнинг Туркиядаги Бош консулхонаси томонидан ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари учун «Ўзбек тилидаги энг яхши видео» мавзусида танлов эълон қилинган эди.
Куни кеча танлов якунларига бағишланган онлайн видео-конференция ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Конференцияда Туркиянинг Бурса вилояти Усмонғози тумани ҳокими ўринбосари Жэм Хасаноглу, Туркиядаги туркистонликларга маданий ва ижтимоий ёрдамлашиш жамияти раиси Акбар Ясса, Туркия Эски шаҳар университети профессори Салоҳиддин Тўлқин, «Gul production» кино-компанияси раҳбари Муаттар Эрген, Туркиядаги ўзбек диаспораси вакиллари, Афғонистон ўзбеклари диаспораси вакиллари, Истанбул шаҳри Ойдин университети талабалари ҳамда ўзбек тилига қизиқиши баланд турк миллатига мансуб фуқаролар қатнашди.
Таъкидлаш жоиз, танлов Туркия фуқаролари ва ушбу мамлакатда яшаётган ўзбеклар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Якунда танловга тақдим этилган 30 та видеоролик ичидан энг яхшилари танлаб олинди.
Натижаларга кўра, биринчи ўринни 34 бал билан Эмре Шентурк, Эсра ва Юсуф Юрташ қўлга киритди. Иккинчи ўринга 32 бал билан Нурсел Эргин — она алласи видеоролиги учун лойиқ кўрилди. Учинчи ўринни эса 29 бал билан Сефа Зенгин ҳамда Меҳмет Эмин Шархан эгаллади.
— Мен учинчи авлод ўзбек вакилиман, — деди Жэм Хасаноглу. — Ўзбек тилига ҳурматим баланд. Ҳозирги кунда ўзбек тилини чуқур ўрганяпман. Дўстларимга келгуси йилда нишонланадиган тил байрамида ўзбек тилида бундан-да равон сўзлашни ваъда қиламан. Фурсатдан фойдаланиб, 2021 йилда режалаштирилаётган тил байрамини Бурса шаҳрида ҳам кенг нишонлашни таклиф этаман.
Туркиядаги туркистонликларга маданий ва ижтимоий ёрдамлашиш жамияти раиси Акбар Ясса ҳам ушбу видеоконференцияда фаол қатнашиб, ўзи раислик қилаётган жамият қошида улғайиб келаётган ёшларга ўзбек тилини ўргатиш тўгараклари фаолият олиб бораётганини айтиб ўтди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлаганини фахрли, дея қайд этди.
Тадбирда Туркиянинг Эски шаҳар университети профессори Салоҳиддин Тўлқин ҳам сўзга чиқди. У халқаро миқёсда кенг фаолият юритадиган, шу билан бирга, хориж давлатларининг телерадио каналларида ҳам ўзбек миллий телеканалини ташкил қилишни таклиф қилди.
Унинг қайд этишича, бу хориждаги ўзбекларнинг ўз она тилини кейинги авлодга етказишда амалий таъсир қилади.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги