Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг қўшимча имкониятлари ўрганилди
2020-10-24 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 21-23 октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков бошчилигидаги ҳамда вазирликлар, идоралар ва тижорат банклари раҳбарлари таркибидаги ишчи гуруҳ вилоятдаги ҳар бир туман ва шаҳарнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг ҳозирги ҳолатини ўрганиш ва жадал ўсишни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мақсадида Бухоро вилоятига сафар ташкил этди.
Гуруҳнинг иши саноат, қишлоқ хўжалиги, инвестициялар, экспорт, уй-жой ва инфратузилма қурилиши, ижтимоий ривожлантириш ва аҳолини иш билан таъминлаш соҳаларини қамраб олувчи 8 та асосий йўналишга қаратилди, уларнинг ҳар бири бўйича тегишли вазирликлар, идоралар, тармоқ идоралари, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари таркибидаги алоҳида кичик гуруҳлар тузилди.
Вилоятнинг туман ва шаҳарларига чиқишлар давомида мавжуд муаммоларни аниқлаш ва самарали ечимларни ишлаб чиқиш учун тадбиркорлар ва инвестиция лойиҳалари ташаббускорлари билан манзилли учрашувлар ўтказилди.
Ҳудудда инвестиция ва саноат фаолиятини ривожлантириш бўйича келгусидаги қадамлар белгиланди - масъул раҳбарларга мавжуд хомашё салоҳияти ва саноат қувватлари асосида қўшилган қиймат занжирларини шакллантириш учун мақбул шароитларни яратишга қаратилган тизимли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш топширилди. Шу нуқтаи назардан, жалб қилинган инвестициялардан максимал иқтисодий самарага эришиш учун лойиҳа таклифларини ишлаб чиқишда “иқтисодий ўсиш нуқталарини” аниқлаш ва улардан фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.
Инвестицияларнинг жозибадорлиги ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг асосий омилларидан бири бўлган инфратузилмани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига инфратузилма лойиҳаларини жадал амалга ошириш ва янги лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш топширилди.
Шу билан бирга, маҳаллий аҳолини ишга жойлаштириш ва барқарор даромад манбаи билан таъминлаш бўйича тезкор чораларни кўриш, жумладан касаначилик асосида саноат кооперациясини ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Қўшимча иш ўринлари ва доимий даромад манбаларини яратиш орқали самарали қўллаб-қувватлаш мақсадида “Темир дафтар”га киритилган, ишсиз ёшлар ва аёллар вакиллари (“Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”), ижтимоий заиф оилаларни иш билан таъминлаш бўйича ташаббуслар доирасидаги ишларнинг бориши кўриб чиқилди.
Алоҳида тартибда пахта кластерлари ва ҳудуддаги фермерлар томонидан пахта йиғим-терим кампаниясини амалга оширишнинг ҳозирги ҳолати ўрганилди. Мажбурий меҳнат ҳолатларига йўл қўймасликка, шунингдек, пандемия шароитида пахта теримчиларига махсус кийимлар, шахсий ҳимоя воситалари ва тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини яратиш орқали хавфсизлик талабларига риоя этиш зарурлиги таъкидланди.
Халқаро бозорларнинг масъулиятли таъминоти талабларига жавоб берадиган замонавий усул ва стандартларни жорий этиш орқали ижтимоий масъулиятли ва экологик барқарор пахта ишлаб чиқариш тизимини йўлга қўйишнинг муҳимлиги қайд этилди. Шунингдек, пахта хомашёсини теришда фермерлар ва пахта кластерлари дуч келадиган жорий муаммолар кўриб чиқилди ва уларни ҳал этиш бўйича амалий чоралар ишлаб чиқилди.
Амалга оширилган ишлар якунида Бухоро вилоятининг барча туман ва шаҳарлари ҳокимлари ва сектор раҳбарлари, туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари вакиллари, тадбиркорлар, фермерлар ва пахта кластерлари раҳбарлари иштирокида видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, унинг давомида ишнинг асосий йўналишлари доирасидаги биринчи навбатдаги вазифалар белгиланиб олинди ва масъул раҳбарларга тегишли топшириқлар берилди. Шунингдек, амалга ошириладиган аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган ҳамда муддатлар ва ижрочилар кўрсатилган ҳолда алоҳида “Йўл харитаси” тузилди. Бош прокуратура “Йўл харитаси” ижроси юзасидан самарали мониторинг ўтказиб, ўзига юкланган вазифалар ижросини муддатида бажармаган масъул шахсларга нисбатан қатъий чоралар кўради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги