Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Сирдарё вилоятидаги аҳолининг заиф қатламини қўллаб-қувватлаш дастури” лойиҳасини амалга ошириш бўйича Меморандум имзоланди
2020-10-23 | Жамият
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов бугун Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг (KOICA) Ўзбекистондаги офиси вакиллари билан навбатдаги онлайн учрашуви ўтказди.
Учрашув давомида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги ҳамкорлигида яратилган “Сирдарё вилоятидаги аҳолининг заиф қатламини қўллаб-қувватлаш дастури” лойиҳасини амалга ошириш бўйича Меморандум имзоланди.
Вазир Р.Маматов ўз сўзида мазкур дастур орқали Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманлари аҳолиси бугунги кундаги ҳар томонлама керакли барча ёрдамларни олиш имкониятига эга бўлиши мумкинлигини алоҳида мамнуният билан таъкидлаб ўтди.
Айтиб ўтилганидек, лойиҳа доирасида Оқолтин, Сардоба ва Мирзаобод туманларида 2 та йўналиш асосида 3 та “Маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш маскани” ташкил этилиб, ҳудудлардаги эҳтиёжманд аҳоли қатламлари муаммоларини аниқлаб, уларга малакали мутахассислар ва психологлар орқали манзилли бепул ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, ўқув курсларида табиий офатдан зарар кўрган 300 нафар аҳоли вакиллари компьютер дастурлари ва пазандачилик бўйича зарур кўникмаларга эга бўлади.
Қайд этилишича, лойиҳани вазирлик билан ҳамкорликда амалга ошириш учун юртимизда кўп йиллардан бери фаолият юритиб келаётган, халқаро грант лойиҳаларида ишлашда тажрибага эга Республика “ISTIQBOLLI AVLOD” Ижтимоий ахборот марказининг Сирдарё вилоят бўлими танланди. Марказ билан ҳамкорликда лойиҳанинг иккинчи компоненти — антисептик воситаларини ўз ичига олган 10 000 дона қутиларни аҳолига тарқатиш, маҳалла ходимлари билан уларнинг касбий малакасини ошириш бўйича тренинглар ташкил этиш, ҳудудларда аҳоли билан ижтимоий ишлар олиб бориш таъминланади.
Учрашув сўнггида лойиҳада кўрсатиб ўтилган вазифаларни амалга ошириш бўйича тегишли вазифалар қайта белгилаб олинди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Ахборот хизмати.