Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Подшоҳ Фаҳд номидаги кутубхонада араб тилида чоп этилган Бобур асарлари ва Ўзбекистонга бағишланган китоблар тақдимоти ўтказилди
2020-10-23 | Маданият
Буюк шоир ва давлат арбоби, ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва меросини ҳар томонлама ўрганиш, уни тарғиб қилиш мақсадида мамлакатимиз элчихонаси вакиллари Саудия Арабистони Подшоҳи Фаҳд номидаги миллий кутубхонада бўлди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Элчихонамиз вакиллари Подшоҳ Фаҳд номидаги миллий кутубхона фаолият билан яқиндан танишди. Шу ерда араб тилида чоп этилган Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарлари ва Ўзбекистонга оид 20 дан зиёд китоб тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Кутубхона бош котиби Муҳаммад бин Абдулазиз Ар-Рашид билан ўтказилган учрашувда Ўзбекистон вакилларининг кутубхона имкониятларидан фойдаланишлари мумкинлиги қайд этилди.
Учрашувда 21 октябрь мамлакатимизда ўзбек тили байрами куни этиб белгилангани, эндиликда ушбу сана ҳам катта тантана қилиниши ҳақида маълумот берилди.
«Давлат тили ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши ўзбек халқининг миллий қадриятларини асраб-авайлаш, она тилини ривожлантириш, унинг бетакрор жозибаси ва гўзаллигини кенг намойиш этиш борасида улкан тарихий воқеа бўлгани таъкидланди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мамлакатмизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида фикр алмашилди.
Тадбирда яқин вақтларда кутубхонада янгидан нашр этилган «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» китоби тақдимотини ўтказишга келишиб олинди.
Шунингдек, ўзаро мулоқотда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси билан Подшоҳ Фаҳд миллий кутубхонаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзолаш таклифи ўрганилди.
Ўз навбатида, Саудия Арабистони томони ушбу таклифни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги