Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Деҳли университети профессори Ҳадис илми мактабидаги фаолиятини давом эттириш учун Тошкентга етиб келди
2020-10-22 | Фан
ТОШКЕНТ, 22 октябрь. /«Дунё» АА/. Деҳли университети Тилшунослик илғор тадқиқотлар марказининг Тилшунослик кафедраси профессори Рaвиндер Гaргaш меҳнат фаолиятини Ҳадис илми мактабида давом эттиряпти, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Дин ишлари бўйича қўмита манбасига асосланиб.
Мамлакатимиздаги диний соҳа мутахассисларининг хорижий тилларда эркин сўзлаш олишларини таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда Миср Араб Республикасининг Ал-Азҳар университетидан Ҳадис илми фанлари доктори, профессор Маҳмуд Абдуллоҳ Абдураҳмон ҳамда Балоғат ва мунозара фанлари доктори, профессор Али Саад Али Саад Ҳадис илми мактаби ўқув жараёнларига жалб этилган эди.
Жорий йилда Ҳадис илми мактабининг хорижий ўқитувчилар сафига яна бир мутахассис жалб этилди. Хусусан, Ҳадис илми мактабида инглиз тили фанидан дарс машғулотларини юқори савияда ташкил этиш мақсадида Деҳли университети Тилшунослик илғор тадқиқотлар марказининг Тилшунослик кафедраси профессори Рaвиндер Гaргaш таклиф этилди.
Таъкидлаш жоиз, Р.Гaргaш инглиз тилини ўқитиш бўйича қирқ олти йилдан ортиқ педагогик тажрибага эга. У Жанубий Кореянинг Ҳанкук хорижий тадқиқотлар университети, Ҳиндистоннинг Деҳли университети каби дунёнинг нуфузли олий таълим муассасаларида фаолият юритган.
Шунингдек, профессор Гаргаш 2017-2019 йиллар давомида инглиз тилини ўқитиш бўйича халқаро стандартлардан бири ҳисобланган «TEFSOL India» ва «Asia TEFL» вице-президенти, 2019-2020 йилларда эса «Asia TEFL» президенти лавозимларида ишлаган.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги