Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон раислигида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар Бош прокурорларининг 18-мажлиси бўлиб ўтди
2020-10-22 | ШҲТ
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар Бош прокурорларининг 18-мажлиси Ўзбекистон раислигида видеоконференцалоқа шаклида ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мажлисда аъзо давлатларнинг Бош прокуратуралари вакиллари, кузатувчилар ва ШҲТ мулоқоти доирасида шериклар, шунингдек халқаро ташкилотлар масъуллари иштирок этди.
Йиғилиш ишига Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев раислик қилди.
Шунингдек, ШҲТ Бош котиби Владимир Норов, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси директори Жумахон Ғиёсов ва Прокурорлар халқаро ассоциацияси президенти Чхоль-Кю Хван иштирокчиларни қутлади.
Тадбирда қайд этилганидек, ШҲТ умумий манфаатларни ҳимоя қилишнинг самарали тизимидир. Яхши қўшничилик ва дўстликни мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашда бу нуфузли тузилма муҳим роль ўйнамоқда.
ШҲТ ташкил этилганидан буён унинг аъзо давлатлари ўртасида ўзаро ҳурмат ва тушуниш, юқори даражадаги ишонч ва биргаликда қарорлар қабул қилиш руҳи шаклланди.
Аср таҳдиди – коронавирус инфекцияси пандемиясига қарши курашда Ташкилотга аъзо давлатларнинг бирдамлиги ва ўзаро қўллаб-қувватлашининг юқори даражаси "Шанхай руҳи" намоён бўлишининг ёрқин намунасидир.
ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгашининг саммитларида жиноятчиликка қарши курашда, шу жумладан, Ташкилот аъзолари ва кузатувчилар ҳамда мулоқот шериклари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш орқали саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлиги таъкидланган.
Шу нуқтаи назардан, кузатувчи давлатлар ва мулоқот бўйича шерикларнинг Бош прокуратуралари вакилларининг мазкур анжумандаги иштироки ШҲТ доирасида ҳуқуқий соҳада идоралараро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Прокуратура органлари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик умумий мақсадга эришиш, яъни, ШҲТ маконида қонун устуворлиги ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашнинг муҳим омилидир.
Давримизнинг иллатларидан бўлган коррупцияга қарши кураш доимий равишда дунё ҳамжамияти, шу жумладан ШҲТ давлатлари учун долзарб масала эканлиги инобатга олиниб, тадбирда коррупцияга қарши курашнинг самарали механизмлари муҳокама қилинди, ўзаро тажриба алмашилди.
Ушбу соҳадаги мавжуд муаммолар конструктив равишда муҳокама қилиниб, уларнинг ечими бўйича ҳаракатларни бирлаштиришга қаратилган устувор чора-тадбирлар белгиланди.
Бош прокуратураларнинг кенг кўламли масалалар бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлари ва ташаббуслари халқаро майдонда ШҲТнинг обрўсини ва глобал мавқеини янада оширишга хизмат қилиши Мажлис иштирокчилари томонидан якдиллик билан қайд этилди.
Зотан, дунё аҳолисининг ярмидан кўпини бирлаштирган ШҲТнинг минтақавий ва глобал сиёсатни шакллантиришнинг механизми сифатида Евроосиё қитъасининг хавфсизлиги ва барқарор ривожланишини таъминлашдаги ўрни мустаҳкамланиб бормоқда.
Йиғилиш якуни бўйича кун тартибидаги асосий масалалар юзасидан ҳамда ШҲТга аъзо давлатлар Бош прокурорларининг ўн тўққизинчи мажлисини 2021 йилда Ҳиндистон Республикасида ўтказиш тўғрисида тегишли қарорлар қабул қилинди.
ШҲТга аъзо давлатлар Бош прокурорларининг 18-мажлиси тўлиқ ўзаро англашув руҳи ва дўстона муҳитда ўтди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги