Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Афғонистон Президентининг биринчи вице-президенти ва маъмурияти раҳбари билан учрашувлар бўлиб ўтди
2020-10-21 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 20 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегациясининг Афғонистон Ислом Республикасига ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Афғонистон Ислом Республикасининг биринчи вице-президенти Амрулла Солиҳ ва Афғонистон Ислом Республикаси Президенти маъмурияти раҳбари Муҳаммад Шокир Каргар билан бир қатор учрашувлар ўтказди.
Афғонистоннинг биринчи вице-президенти билан учрашув чоғида COVID-19 пандемиясининг икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни ривожланишига салбий таъсирини минималлаштириш бўйича ўзаро ҳамкорлик масалалари, шунингдек, бир қатор устувор йўналишларда Ўзбекистон ва Афғонистон ҳамкорлигини кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Афғонистон томони минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва барқарорликни таъминлашга қаратилган Ўзбекистон ташаббусларини самарали қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, учрашув давомида авто ва темир йўл инфратузилмасини қуриш бўйича янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш учун логистика мажмуалари ва қувватларни яратиш ҳамда божхона комплексларини модернизация қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Афғонистон Президенти маъмурияти раҳбари Муҳаммад Шокир Каргар билан музокаралар икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келгусидаги вазифаларни белгилашга имкон берди. Келишувларни амалга ошириш ва мавжуд масалаларнинг ўзаро мақбул ечимларни ишлаб чиқиш бўйича фаол ишларни давом эттиришга ўзаро тайёрлик бир неча бор таъкидланди.
Хусусан, томонлар таълим соҳасидаги ўзаро алоқалар ривожини ва икки мамлакат олий ўқув юртлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлигини ижобий баҳоладилар. Афғонистон талабаларини Ўзбекистон олий ўқув юртларига ўқиш учун юборишни назарда тутувчи Афғонистон ва Ўзбекистон олий таълим вазирликлари ўртасида Меморандумни биргаликда тайёрлашни тезлаштириш тўғрисида келишувга эришилди.
Учрашувлар якунлари бўйича иккала мамлакатни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган икки томонлама ҳамкорлик доирасида кейинги қадамлар келишиб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги