Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Саноат тармоқларидаги натижалар ва қўшимча имкониятлар муҳокама қилинди

2020-10-21 | Сиёсат

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида саноат тармоқларидаги 9 ойлик натижалар ва йил якунигача бажарилиши лозим бўлган вазифалар муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Пандемия оқибатлари саноат ишлаб чиқариш суръатларига ҳам таъсир ўтказмай қолмади. Шу боис давлатимиз томонидан ҳар бир тармоқни қўллаб-қувватлаш бўйича тезкор чоралар кўрилди. Карантин даврида ҳам ишлаб чиқариш давом этди. Буларнинг натижасида саноатда юзага келиши мумкин бўлган жиддий йўқотишларнинг олди олинди.

Эътиборлиси, иқтисодиётда юқори қўшилган қийматни таъминловчи қайта ишлаш саноатида 9 ойда қарийб 3 фоиз ўсиш қайд этилди. Хусусан, электр техникаси ишлаб чиқариш 25 фоиз, тўқимачилик маҳсулотлари 12 фоиз, металл рудалари қазиш 7 фоиз ва қурилиш материаллари 6 фоизга ўсди.

Шунингдек, автомобиллар 1,5 баравар, электр техникаси маҳсулотлари 1,3 баробар, тўқимачилик товарлари 16 фоиз, мис сим 15 фоиз кўп экспорт қилинди.

Натижада ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 0,4 фоиз ижобий даражада сақлаб қолинди ва бюджет даромади 1,9 триллион сўм ортиғи билан бажарилишига эришилди.

Шу билан бир қаторда, айрим тармоқ ва ҳудудларда ишлаб чиқаришда қолоқликка йўл қўйилгани оқибатида саноат маҳсулотлари бўйича умумий кўрсаткич 2,7 фоизга камайган.

Йиғилишда бунга сабаб бўлган омиллар танқидий таҳлил қилиниб, йил якунигача ишлаб чиқариш ҳажмларини таъминлаш чора-тадбирлари кўриб чиқилди. Шу билан бирга, саноат тармоқлари ва ҳудудларда яна қандай захиралар борлиги, уларни ишга солиш учун нималар қилиш кераклиги батафсил муҳокама қилинди. Пировард мақсад – экспорт, даромад, манфаат.

– Саноат корхоналари бошқарув тизимида муаммолар бор. Маҳсулотлар таннархини тушириш керак. Бу рақобат муҳитини яратишнинг муҳим асосидир, – дея таъкидлади Президент.

Аввал нефть-газ тармоғидаги ишлар таҳлил қилинди. Қолоқликка йўл қўйган корхоналар фаолияти танқидий баҳоланиб, раҳбарларнинг лавозимларига лойиқлик масаласи кўриб чиқилди.

Йил якуни билан табиий газ қазиб олишни кўпайтириш, ички бозорга қўшимча газ етказиб бериш бўйича топшириқлар берилди. Шунингдек, 740 минг тонна нефть ва конденсат қазиб олиш, 203 минг тонна суюлтирилган газ ва 125 минг тонна полиэтилен ишлаб чиқариш вазифаси қўйилди.

“Ўзкимёсаноат” корхоналарида ҳали резервлар мавжудлиги, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб, экспортга йўналтириш зарурлиги таъкидланди. Қўқон суперфосфат заводининг биринчи босқичини модернизация қилиш, “Навоийазот” акциядорлик жамиятида аммиак ва карбамид комплексини ишга тушириш чоралари белгиланди.

“Ўзавтосаноат” бошқарувига ўтган қишлоқ хўжалиги машинасозлиги тармоғида трактор ва сеялкалар ишлаб чиқариш 2 баробар камайгани кўрсатиб ўтилди. IV чоракда автомобиллар ишлаб чиқаришни 62 мингтага етказиб, 165 миллион долларлик экспорт қилиш, бутловчи ва эҳтиёт қисмларни хорижий бозорларга сотишни йўлга қўйиш зарурлиги айтилди. Халқаро экспертлар билан бирга автомобиль саноатини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Қурилиш материаллари, электр техникаси ва енгил саноатда ҳам ҳали ишлатилмаган захиралар бор.

Масалан, қурилиш материаллари бўйича йил якунигача 11 та лойиҳа амалга оширилади. Бу орқали янги маҳсулотлар ўзлаштирилиб ва мавжуд корхоналар қуввати оширилиб, импорт ўрнини қоплашга эришилади.

Электр техникаси саноатида 12 хил маҳсулотни маҳаллийлаштириш лойиҳаси режалаштирилган. Давлатимиз раҳбари ушбу қувватларни тезроқ ишга тушириб, рақобатни таъминлаш, товарлар нархини арзонлаштириб, экспортни кенгайтириш муҳимлигини айтди. 

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига мавжуд қувватларни тўла ишга солиш, 100 дан зиёд янги корхонага АҚШ ва Европада тан олинган халқаро сертификатлар олишда кўмаклашиб, уларни экспортга жалб қилиш вазифаси қўйилди.

Бозор механизмлари тўлиқ кириб бормаган тармоқларни трансформация қилиш долзарб бўлиб бормоқда. Шу боис Президентимиз саноат корхоналари фаолиятини такомиллаштириш, халқаро бошқарув тизимини жорий этиш бўйича кўрсатмалар берди.

Йиғилишда ҳудудий саноат корхоналарида мавжуд резервлардан фойдаланиб, қўшимча ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Ўтган 9 ойда маҳаллийлаштириш борасида 55 та ҳудудий лойиҳа ижроси кечиккан, 144 та лойиҳа бўйича ишлаб чиқариш ҳажми таъминланмаган. Оқибатда 720 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрлаш имконияти йўқотилган.

Тегишли вазирлик ва ҳокимликларга қолоқликка йўл қўйилган лойиҳалардаги муаммоларни бартараф этиш, импорт ўрнини босувчи янги истиқболли йўналишларни ўрганиб, маҳаллийлаштириш дастурига киритиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Умуман, қолган уч ойда қиймати 7 миллиард долларлик 80 та тармоқ ва 44 та ҳудудий йирик лойиҳани ишга тушириш муҳимлиги таъкидланди.

Йиғилишда ишлаб чиқаришни кенгайтириш орқали экспорт ҳажмини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

– Бугун экспортчи корхоналарни молиявий қўллаб-қуватлашни кенгайтириш бўйича фармонни имзоладим. Энди бундай корхоналар учун янги ташкил қилинаётган Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали қўшимча маблағлар ажратилади. Шу мақсадда жамғармага 100 миллион доллар берилмоқда. Бу, ўз навбатида, маҳсулотларни ташқи бозорларга узлуксиз етказиб бериш учун корхоналарнинг айланма маблағларига йўналтирилади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бош вазир ўринбосарларига бу борадаги вазифаларни тезкор, самарали ва манзилли ҳал қилиб бориб, йил якунига белгиланган кўрсаткичларни таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари ҳисобот берди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Поделиться