Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Афғонистон ташқи ишлар вазири билан учрашув бўлиб ўтди
2020-10-21 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 20 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегациясининг Афғонистон Ислом Республикасига ташрифи доирасида Кобул шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковнинг Афғонистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ханиф Атмар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув чоғида томонлар дўстлик, ишонч ва ўзаро англашув тамойилларига асосланган сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама мулоқотнинг юқори даражасини таъкидлаб ўтдилар. Ҳар икки давлатнинг Афғонистонда тинчлик жараёнини ривожлантиришнинг самарали механизмларини шакллантириш заруратига асосланган умумий позицияларнинг муштараклиги қайд этилди. Шу нуқтаи назардан Доҳа шаҳрида инклюзив музокараларнинг бориши ижобий баҳоланди.
Шунингдек, томонлар ҳар икки давлат ҳукуматлари томонидан коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ва чекловчи чораларнинг иқтисодиётнинг турли соҳалари барқарор ривожланишига салбий таъсирини юмшатиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни муҳокама қилдилар. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон томони афғон халқига пандемия оқибатларини келгусида бартараф этишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга содиқлигини билдирди.
Суҳбат давомида Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантиришни рағбатлантирувчи асосий омиллардан бири бўлган транспорт-логистика соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболлари юқори баҳоланди. Шунингдек, икки мамлакат ўртасида йўловчи ва юк ташишни тартибга солувчи бир қатор икки томонлама ҳужжатларни келишиш ва минтақавий транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантиришга мўлжалланган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни фаоллаштириш муҳимлиги ва бу тўғридан-тўғри ҳамда транзит юк ташиш ҳажмини сезиларли даражада ошириб, ўзаро савдо кўрсаткичларини кўпайтириш имконини бериши таъкидланди.
Шу муносабат билан томонлар тегишли тузилмалар раҳбарлари даражасида транспорт масалалари бўйича қўшма мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳини тузиш ҳамда жорий йилнинг ноябрь ойида видеоконференция шаклида унинг биринчи йиғилишини ўтказишга келишиб олдилар.
Шунингдек, энергетика ва таълим соҳаларидаги қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишнинг қатор амалий жиҳатлари кўриб чиқилиб, ўзаро мақбул ечимлар ишлаб чиқилди ва келгусидаги ҳаракатлар белгилаб олинди.
Музокаралар якунида Афғонистон томонига ташриф давомида Ўзбекистон делегациясига меҳмондўстликнинг кўрсатилган юқори даражаси учун миннатдорлик изҳор этилди. Учрашувда муҳокама этилган йўналишлар доирасида ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича ўзаро келишувга эришилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги