Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашининг ўн учинчи сессиясида жорий йил 16 октябрь куни Президентимиз раислигида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалари ижроси, бу борада олиб борилаётган ишлар муҳокама этилди.
Вилоят кенгаши депутатлари, туман, шаҳар ҳокимлари, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари қатнашган сессияда кейинги йилларда мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш, зарур миқдорда озиқ-овқат захирасини яратиш, бу борадаги муаммоларни бартараф этиш бўйича муайян ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Сессияда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг ҳисоботи эшитилди.
Андижон вилоятида жорий йилнинг ўтган даври, айниқса, коронавирус пандемияси шароитида аҳолини талаб даражасида озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш борасида зарур ишлар амалга оширилмоқда.
Сессияда белгиланган меъёрларга асосан, вилоят аҳолиси учун бугунги кунда киши бошига талаб этиладиган йиллик озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажми жорий йилнинг 9 ойида етиштирилган маҳсулотлар асосида таҳлил қилинди.
Жумладан, вилоят аҳолисининг сабзавот маҳсулотларига бўлган талаби 364 минг тонна бўлгани ҳолда жорий йилда 1 миллион 111 минг тонна сабзавот етиштириш белгиланган. Ўтган давр, яъни 9 ой давомида 965 минг тонна сабзавот маҳсулотлари, шунингдек, 160 минг тонна картошка етиштирилди. Буғдойдан бўшаган ерларга такрорий экин сифатида экилган картошкадан 70 минг тонна ҳосил олинди.
Жорий йилда вилоятда 95 минг тонна гўшт, 696,1 миллион дона тухум етиштириш белгиланган бўлиб, 9 ойда 72 минг тонна гўшт (йиллик режанинг 76 фоизи), 523 миллион дона тухум (йиллик режанинг 75 фоизи) етиштирилди.
Вилоятда балиқ етиштириш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. 2020 йилда 20 минг тонна балиқ етиштириш белгиланган бўлиб, ўтган 9 ой давомида 10 минг тонна балиқ етиштирилди.
Интенсив усулда Хитой технологияси асосида балиқчиликни жорий этиш ва ривожлантириш мақсадида вилоят бўйича 156 та лойиҳа ташаббускорига 226 гектар ер майдони ажратиб берилди. Бугунги кунда 101 та тўлиқ, 55 та ярим интенсив усулда балиқ етиштириш учун ажратиб берилган 83,5 гектар ер майдонида лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Бу борада, Улуғнор туманида 60 та лойиҳа учун 84,2 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, айни пайтда барча кўлларга интенсив дастгоҳлар қўйилиб, балиқ парваришланмоқда. Олиб борилаётган ишлар йил охирига қадар белгиланган миқдорда балиқ етиштириш имконини беради.
Вилоятда 37 та паррандачилик, 37 та эчкичилик, 42 та қуёнчилик кластерлари ташкил этилган. Танлаб олинган кластерларга шу кунгача 150 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди.
Ташкил этилган кластерлар томонидан ҳозирга қадар аҳолига 62,3 минг бош қуён, 17 минг бош эчки ҳамда қарийб 4,5 миллион дона парранда тарқатилди. Айни кунда тарқатиш ишлари давом этмоқда.
Дастлаб парранда етказиб берилган аҳоли хонадонларидан парранда гўштлари кластер корхонлари томонидан сотиб олинмоқда. қайтариб олинмоқда. Шу ҳисобига ҳозирда кластер корхоналар музлатгичли омборхоналарида 1,5 минг тоннадан зиёд парранда гўшти захираси яратилган.
Сессияда белгиланган меъёрга асосан вилоят аҳолиси учун киши бошига талаб этиладиган келгуси 6 ойлик озиқ-овқат маҳсулотлари талаби ҳамда уларни захирасини яратиш борасида амалга оширлаётган ишлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Жумладан, 67 минг 256 гектар майдонга экилган такрорий экинлардан ҳозиргача 926 минг 394 тонна маҳсулот йиғиштириб олингани, яна кўп майдонларда ҳосилни йиғиштириб олиш ишлари давом этаётганлиги айтиб ўтилди.
Вилоятда белгиланган миқдорда картошка, пиёз, сабзи, тухум, гўшт, ўсимлик ёғи, гуруч, шакар, ун ва ун маҳсулотлари заҳирасини яратиш бўйича зарур ишлар олиб борилаётгани қайд этилди.
Вилоят ҳокимлиги ҳузурида “Андижон вилоятида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш” жамғармаси ташкил этилиб, жамғарма ҳисоб рақамига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 10 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Жамғарма маблағлари аҳолининг мол ва қўй гўшти, картошка, пиёз, гуруч, ун, шакар ҳамда ўсимлик ёғи билан узлуксиз таъминлаш, бозорларда нарх-навони кескин ошишининг олдини олиш мақсадида интервенцион харидларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун сарфланади.
Бундан ташқари, тижорат банкларининг 64,2 миллиард сўм кредит маблағлари, тадбиркорлар ҳисобидан 25,1 миллиард сўм, жами 99,3 миллиард сўм маблағ етишмаётган озиқ-овқат маҳсулотларни қоплаш учун йўналтирилиши белгиланган.
Аҳолини гўшт, сут ва тухум маҳсулотлари билан мунтазам таъминлаш мақсадида кейинги 3 йил давомида юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун қарийб 3 минг гектардан зиёд ер майдонлари ажратиб берилиб, уларга тижорат банкларидан 605 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилган.
Шунингдек, сессияда бозорлар, супермаркет ва йирик савдо мажмуаларида нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, нарх-навонинг асоссиз оширилишининг олдини олиш бўйича ҳам зарур ишлар олиб борилаётганлиги, хусусан, аҳолини арзон ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш мақсадида деҳқон бозорларида прокуратура ҳузуридаги департамент, солиқ, монополияга қарши курашиш бошқармаси, шаҳар ва туманлар сектор раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилиб, бозорлардаги нарх-наво мунтазам назорат қилиб борилаётганлиги таъкидланди.
“Даладан – дастурхонгача” тамойили асосида фермерлар, деҳқонлар томонидан етиштирлган озиқ-овқат маҳсулотларининг қўлдан-қўлга ўтмасдан тўғридан-тўғри бозорлар, савдо мажмуаларида сотилишини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратиш, мазкур жараёнда депутатлар ташаббускор бўлишлари зарурлиги айтилди.
Таҳлиллар асосида ўтган сессия ишида вилоятда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш борасидаги ҳар бир муаммо, йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш борасида вазифалар белгилаб олинди.
Сессияда кўрилган масала юзасидан халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, Зухриддин УМРЗОҚОВ (сурат)
Манба: ЎзА