Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Дам олиш кунлари метрополитенда...

2020-10-21 | Маданият

Асл санъаткор саҳна, томошабин танламайди, дейишади. Чиндан ҳам илҳоми жўшган инсонга манзилу маконнинг, уни тингловчию кўрувчининг фарқи бўлмаса керак. Акс ҳолда, Ўзбекистон санъат ва маданият институти талабалари ўз иқтидорларини метро бекатларида саҳнадагидан-да яхшироқ намоён этмас эдилар.

Ўзбек тили байрами куни арафасида Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташаббуси билан Маданият вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳамкорлигида метро бекатларида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирлар кўплаб юртдошларимизда илиқ таассурот уйғотди. Айниқса, Алишер Навоий бекатида бўлиб ўтган саҳнавий чиқишлар, ўзбек тилини тараннум этгувчи қўшиқ ва рақслар юртдошларимиз билан бирга чет эллик сайёҳларни ҳам бефарқ қолдирмади.

Тадбирда нафақат институт талабалари, балки ўқитувчилар томонидан ҳам ўзбек тилини улуғловчи ашулалар, шеърлар ижро қилинди. Тилимизнинг бойлигини асослаб берган ҳазрат Алишер Навоий монологи айтилди. Халқ ижодиётидан ҳам қатор намуналар намойиш қилинди.

“Навоий гулшани” номли адабий парчани томоша қилар экан, йўловчилардан бири — самарқандлик Ҳафиза ая Неъматова бугуннинг иқтидорли ёшлари ҳақида тўлқинланиб гапирди: “Ўзим она тили ўқитувчисиман, шу каби иқтидорли ўқувчиларим жуда кўп бўлган. Мана, бу Фарҳоду Ширин, Навоий, Гули образларида худди ўз ўқувчиларимни кўргандек бўлдим”.

Дарҳақиқат, Алишер Навоий асарларидаги образларни қойилмақом қилиб ижро этган Муниса Ражабова, Ойбек Қулмуродов каби бўлғуси санъаткорлар устозлари Рашид Уснатов, Дилрабо Жуманова билан ўз устида узоқ ишлагани кўриниб турибди. Институт рассоми Алишер Тўлабоев бошчилигида яратилган декорациялар эса аждодларимиз яшаган даврларни тасвирлаб, тадбирларнинг жонли бўлишига хизмат қилди.

— Бугунги тадбирларни бежизга метро бекатларида ташкил этмадик, — дейди Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти бош мутахассиси Рустам Мирвоҳидов. — Зеро, бу йил Ўзбек тили байрамини ғоят кўтаринки нишонлашимиз, бу борада олиб борилаётган кўплаб эзгу ишларга халқимиз амалда гувоҳ бўлсин, билсин.

Пандемия даврида санъатни, гўзал байрамларимизни соғинган халқимиз карантин талабларини бузмаган ҳолда ҳазрат Навоий, Қодирий сиймосидаги бўлажак санъаткорлар билан ҳамсуҳбат бўлиб, улар билан суратга тушиш, ноанъанавий тадбир лавҳаларини видеотасмаларга муҳрлашга интилгани қувонарли, албатта. Энг муҳими, эндиликда она тилимизга бўлган юксак эҳтиром ва эътибор ҳар қачонгидан-да жиддий тус олганини англай бошлаяпмиз.

Манба: «Янги Ўзбекистон»

Поделиться