Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Яна бир янги бино фойдаланишга топширилди
2020-10-20 | Жамият
Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот туманидаги «Қўнғирот» овул фуқаролар йиғинининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Бинонинг очилиш маросимига бағишлаб ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов иштирок этиб, Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида маҳалла тизимининг жамиятдаги нуфузини ошириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг вазифа ва ваколатлари доирасини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини қайд этди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-4602-сонли Қарорига асосан, мамлакатимизнинг бир қатор ҳудудларида давлат-хусусий шериклик асосида фуқаролар йиғинларининг намунавий биноларини қуриш белгиланган.
Ушбу қарор ижроси юзасидан ҳозирги кунда юртимиз бўйлаб кўплаб маҳаллаларда фуқаролар йиғинларининг янги бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда. Айтиш лозимки, «Қўнғирот» овул фуқаролар йиғининг янги биноси ана шу хайрли ишларнинг давоми бўлди.
— Соҳадаги ижобий ўзгариш ва янгиланишлар сабаб маҳалла халқнинг ҳаиқиқий суянчи ва яқин маслакдошига айланиб бормоқда, — дейди мазкур овул фуқаролар йиғини раиси Оразали Султанов. — Айниқса, бу йилги пандемия даврида бу ҳолат янада ёрқинроқ намоён бўлди. Ўйлайманки, маҳалламизнинг янги биноси аҳоли ва уларнинг мурожаатлари билан ишлашда бизга ўзгача шижоат бағишлайди.
Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» шакллантирилиб, бунда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича Нукус шаҳри ва Беруний тумани намуна қилиб олинди.
Мазкур ишларни самарали олиб бориш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида ҳар кунлик маълумотларни мувофиқлаштирувчи штаб ва ишчи гуруҳлар ташкил қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи ушбу штаб ва Ишчи гуруҳлар фаолияти билан яқиндан танишди.
Ўрганиш давомида мазкур дафтарларни шакллантириш, унга киритилган фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик ва касб-ҳунарга йўналтириш энг долзарб масалалардан бири эканлигини таъкидлаб, бу борада ишчи гуруҳ аъзоларига зарур тавсиялар берди.
Шунингдек, вазир Р.Маматов Мўйноқ тумани “Ҳоким ота” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Дўстлик” қишлоғида бўлиб, нуроний отахонлар билан учрашди.
Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Ахборот хизмати.