Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қўмондонлик ҳарбий қисмларида ўзбек тили байрами тадбирлари ўтказилди
2020-10-20 | Маданият
Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигининг Тошкент шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмида “Тил – бебаҳо бойлик” мавзусида маънавий тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзолари, шоиралар Фароғат Худойқулова ва Наргиза Асадова иштирок этган мазкур тадбирда тилни кўз қорачиғидек асраш зарурлиги, қайси касбда бўлишидан қатъий назар, барча бирдек ўз илми ва заковати билан миллий қадриятлар, урф-одатлар ва миллий тилни юксалтиришга ҳаракат қилиши лозимлиги таъкидланди.
Бугунги кунда жаҳон миқёсида она тилимизнинг нуфузини янада юксалтириш йўлида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва салмоқли ишлар ҳам алоҳида эътироф этилди. Шоиралар ва ҳарбий хизматчилар томонидан ўзбек тилида айтилган шеъру ғазаллар тадбирга байрамона руҳ бағишлади.
Шу куни Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси томонидан юрт ҳимоячиларининг китобхонлик маданиятини янада ошириш мақсадида ҳарбий қисм кутубхонасига 200 дан ортиқ турли мавзулардаги адабиётлар совға қилинди.
Қўмондонликнинг Чорбоғ қўрғонида жойлашган ҳарбий қисми тарғибот гуруҳи томонидан ҳам Бўстонлиқ туманидаги 16-сонли умумтаълим мактабида маънавий тадбир ташкил қилинди. “Тил – миллат кўзгуси” деб номланган тадбир давомида ўзбек тилининг нуфузи ва бугунги кунда жамиятимизда тутган ўрни хусусида сўз юритилиб, ўқувчи ёшлар ўртасида мавзуга оид иншолар танлови ўтказилди.
Шунингдек, қўмондонликнинг Олмалиқ шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмида ҳам сана муносабати билан ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари ўртасида “Ўзбек халқ эртаклари билағони” мавзусида танлов ўтказилди. Унда иштирок этган болажонлар ўзлари севиб ўқиган ўзбек халқ эртакларини она тилимизда чиройли ва равон тарзда сўзлаб бердилар. Танлов ғолиблари китоблар билан тақдирланди.
Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги матбуот хизмати
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги