Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қадринг баланд бўлсин, она тилим
2020-10-19 | Маданият
Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар Кенгаши билан ҳамкорликда «Қадринг баланд бўлсин, она тилим» шиори остида карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда маданий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирда Бошқарма бошлиғи ўринбосари Ж. Юсупов раислигида, серқирра ижодкор, шоир, ёзувчи, филология фанлари номзоди Улуғбек Ҳамдамов ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар Кенгаши раиси ёрдамчиси Зуҳра Саидовалар иштирок этишиб, Давлат хизматлари марказлари ва ФҲДЁ органлари ходимларига ўзбек тили тарихи, сўнгги йиллардаги она тилига бўлган эътибор, Ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида кенг тушунчалар бериб ўтишди.
Ходимларга «Тилга бўлган эътибор, миллатга бўлган эътибор, тил – миллатнинг маънавий паспорти» деган фикрларни билдиришди.
Шунингдек, ташриф буюрганлар томонидан Адлия вазирлиги тизимида давлат тилига шундай юксак даражада эътибор қаратилганлиги, Бошқарма, Давлат хизматлари марказлари ва ФҲДЁ биноларида тил тўғрисида ўзбек ва жаҳон адабиёти намоёндаларининг ҳикматли сўзлари туширилган постерлар ва плакатлар жойлаштирилганлиги алоҳида эътироф этилди.
Ҳақиқатдан ҳам тил миллат кўзгуси. Унинг қадри қанчалик баланд бўлса, миллатга бўлган ҳурмат ҳам шунчалик ортиб боради.
Тадбир якунида ходимлар ўзларининг қизиқтирган саволларига тўла қонли жавоб олишди ҳамда таклиф этилганларга эсдалик совғалари топширилди.
Манба: Давлат хизматлари агентлиги