Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Самарқандлик ҳунармандлар қандай қилиб қадимги Хитой қоғоз ишлаб чиқариш технологиясини ривожлантирди?
2020-10-19 | Маданият
Хитойнинг етакчи «Синхуа» ахборот агентлиги Самарқандда қоғоз VIII асрдан бери ишлаб чиқарилаётгани ҳақида мақола нашр этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Агентлик порталида чоп этилган «Самарқанд ипак қоғози — Хитой ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги тарихий алоқаларнинг ифодаси» сарлавҳали мақолада тарихий манбаларга кўра, Ўзбекистон ҳудуди қадимги даврлардан буён Буюк ипак йўлининг муҳим тугуни бўлгани, бу давлатлар ва минтақалар ўртасида алоқаларнинг ривожланиши, ахборот алмашинуви, янги турдаги маҳсулотлар тарқалиши, маданиятларни ўзаро бойишига катта ҳисса қўшгани қайд этилган.
«Буюк Ипак йўли нафақат Марказий Осиё ва Хитой халқлари тарихини, балки уларнинг иқтисодий ва маданий ҳаётини ҳам боғлаб турган. Хитой молларининг минтақага кириб келиши, Хитой саноат маданияти, шу жумладан қоғоз ишлаб чиқариш технологиясини тарқалишига хизмат қилган. Нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёда ягона Самарқанд ипак қоғоз фабрикаси шундан далолат беради. Бугун ушбу фабрика шаҳарнинг тарихий ва сайёҳлик масканларидан бири ҳисобланади”, - деб таъкидлайди ахборот агентлиги.
Материалда агентлик мухбирларининг Самарқандга яқин жойлашган Конигул қишлоғида фаолият юритадиган қоғоз фабрикасига ташрифи, улар бу ерда нафис ипак қоғоз тайёрлашнинг қадимий технологик анъаналарига гувоҳ бўлгани ҳақида хабар қилинган.
«Бу ерда, аввалгидек, сув тегирмоннинг ғилдирагини айлантиради ва тут дарахтининг пўстлоғи ҳақиқий санъат асарига айланади», - дейилади мақолада.
Материалда Самарқанд ипак қоғоз фабрикаси менежери Санжар Мухторовнинг милоддан аввалги II асрда хитойлик усталар биринчи бўлиб ипак қоғоз тайёрлаш технологиясини ўзлаштирганлиги ва VIII асрда савдо-иқтисодий алоқаларнинг ривожланиши натижасида ушбу технология Буюк ипак йўлидаги цивилизация марказларидан бири бўлган Самарқандга келгани ҳақидаги сўзлари келтирилган.
«VIII асрдан бошлаб Самарқандда қоғоз ишлаб чиқариш ўзлаштирилган ва IX асрнинг бошида қоғоз ишлаб чиқариш ҳунармандчилик фаолиятининг муҳим тармоғига айланди. Самарқанд қоғози у ишлаб чиқарила бошлаган пайтдан то ўрта асрларнинг охиригача Шарқ ва Ғарб бозорларида ҳукмронлик қилган. IX-X асрлардаги форс ва араб қўлёзмаларининг аксарияти Самарқанд қоғозида битилган», — деб таъкидланган мақолада.
Нашрда, шунингдек, 1996 йил ЮНEСКО ёрдамида қоғоз ишлаб чиқариш технологияси қайта тиклангани қайд этилган. Ўзбекистонлик уста журналистларга қоғоз тайёрлаш жараёнини намойиш этиб, бугунги кунда ишлаб чиқариш механизмлари, асосан, ўзгаришсиз сақлаб қолинганини айтган.
Мақолада ёзилишича, хитой технологиясидан фарқли ўлароқ, ўзбек усталари қоғозни силлиқлаш учун уни мармар парчаси билан мармар стол устига силлиқлашади. Натижада, Самарқанд қоғози янада сифатли бўлади. Замонавий қоғозлардан фарқли тарзда ипак қоғоз 200 йилдан ортиқ вақт давомида ҳизмат қилади.
«Бугунги кунда самарқандлик ҳунармандлар сайёҳлар эътиборини жалб қилиш учун қоғоз таркибига маккажўхори, атиргул барглари ёки жун ипи каби компонентларни киритмоқда. Буларнинг барчаси нафақат қоғоз рангини, балки унинг ҳидини ҳам ўзгартиради. Натижада ундан тайёрланган эсдалик ва халқ ҳунармандчилиги буюмлари бетакрор совғага айланади», деб ёзади муаллиф.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги