Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Xалқ депутатлари Элликқалъа туман кенгашининг навбатдан ташқари 12 сессияси бўлиб ўтди
2020-10-18 | Иқтисодиёт
2020 йил 17 октябрь куни Элликқалъа тумани фаоллари ва маҳаллий кенгаш депутатлари иштирокида туманнинг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессия кун тартибига сўнгги 3 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган дастур лойиҳасини муҳокама қилиш ва тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2020 йил 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари саккизинчи сессиясида берилган топшириқларнинг ижросини таъминлаш мақсадида вазирликлар ва идоралар раҳбарларига Республика туман ва шаҳарлари бириктирилган.
Вазирлик ва идоралар ўзига бириктирилган ҳудудни пухта ўрганиб, муаммоларни тизимли таҳлил қилган ҳолда навбатдаги устувор вазифаларни белгилаш ҳамда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурини ишлаб чиққан ҳолда халқ депутатлари маҳаллий кенгаши йиғилишида муҳокама қилиш белгиланган.
Савдо-саноат палатаси раиси Адхам Икрамов раҳбарлигида “Ишчи гуруҳ” шакллантирилиб, тумандаги 36 та маҳалланинг ҳар бирида ўрганиш ўтказилди.
“Ишчи гуруҳ”нинг ўрганишлари давомида Элликқалъа туманини ривожлантириш мумкин бўлган “ўсиш нуқталари” аниқлаб олинди ва қиймати 480,5 млрд. сўмлик 100 та янги инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати шакллантирилди.
Сессияда туманда 3-7 ёшдаги 13,8 мингта болаларнинг мактабгача таълим қамрови 45 фоиз, шундан атиги 9 фоизи хусусий мактабгача таълим ташкилотларига тўғри келиши таъкидланди.
Туманда мактабгача таълим ёшидаги болалар қамровини амалдаги 45 фоиздан 72 фоизга етказиш бўйича 5 та янги давлат ва 5 та давлат хусусий шерикчилиги асосидаги мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Бунда, давлат хусусий шерикчилиги асосида ташкил этилиши белгиланаётган мактабгача таълим ташкилотлари сонини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Яна бир муҳим йўналиш, туманда эко туризм ва зиёрат туризмини ривожлантириш учун жуда катта имкониятлар борлиги, жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида Ақчакўл имкониятлари бўйича экотуризм объектларини, шунингдек ҳудуддаги 2 минг йилдан ортиқ тарихга эга “Аёзқалъа”, “Тупроққалъа”, “Катта Гулдурсун қалъа”, “Қаватқалъа” ва бошқа тарихий обидалар негизида зиёрат туризмини ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Йиғилиш якунида Халқ депутатлари Элликқалъа тумани Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Савдо саноат палатаси