16-17 октябрь кунлари Самарқанд давлат университетида “Озиқ-овқат хавфсизлиги: миллий ва глобал омиллар” мавзусидаги II халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
ZOOM дастури асосида онлайн тарзда ўтказилган конференцияда Хитой, Россия, АҚШ, Италия, Болгария, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатларнинг қишлоқ хўжалиги йўналишида фаолият олиб бораётган олий таълим муассасалари профессорлари, нуфузли ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Шунингдек, тадбирда республикамизнинг соҳага оид 30 дан ортиқ ташкилотларидан 260 нафар мутахассис ва олимлар ўзларининг озиқ-овқат соҳасидаги бугуннинг долзарб масалаларига қаратилган маърузалари билан қатнашди
Конференциянинг ялпи мажлисида Самарқанд давлат университети ректори Р.Холмуродов, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Ф.Абилов ва бошқалар коронавирус пандемияси даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича миллий ва халқаро миқёсда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритди.
– Президентимиз яқинда ўтказилган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 75-сессиясидаги нуқтида бир қатор глобал масалалар қаторида озиқ-овқат хавфсизлиги муаммосига ҳам алоҳида эътибор қаратиб, муҳим ташаббусларни илгари сурди, – деди Р.Холмуродов. – Чунки ушбу масала бутун дунё халқлари учун энг долзарб вазифа эканлигини айни пайтда давом этаётган пандемия шароити ҳам яққол кўрсатди. Давлатлар чегараларининг ёпилиши, юзага келган иқтисодий инқироз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳақида етарли даражада бош қотирмаган мамлакатларни оғир аҳволга солиб қўйди. Табиийки бу бошқа ижтимоий, иқтисодий муаммоларни ҳам келтириб чиқарди. Мазкур халқаро анжуманда соҳа мутахассислари, халқаро экспертлар ва олимлар билан ушбу масалани муҳокама этиб, бу борада ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш ва янги таклиф, ташаббусларни илгари суриш мақсади кўзларган.
Конференцияда жумладан, Ўзбекистоннинг озиқ-овқат хавфсизлиги концепцияси масалалари, унинг миллий ва халқаро меъёрлари: овқатланиш ва овқат ҳазм қилишнинг долзарб масалалари, кластерлар тизими – озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг инновацион асоси, фойдали ўсимликларнинг табиий захираларини ўрганиш, муҳофаза қилиш, етиштириш ҳамда қайта ишлашнинг интенсив технологияларини ишлаб чиқиш ва бошқа шу каби бугунги кундаги муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида озиқ-овқат хавфсизлигига оид кўргазма ҳам ташкил этилди.
Манба: ЎзА