Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жорий йилда “Samarkand Half Marathon” дастури қандай ташкил этилади?
2020-10-17 | Спорт
Бугун, 17 октябрь куни кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида “Samarkand Half Marathon” хайрия яриммарафони дастурини тақдим этиш учун матбуот анжумани ташкил этилди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, “Samarkand Half Marathon” ташкилий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботир Нуруллаев, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ижрочи директори Гаяне Умерова, яриммарафон бош ҳамкори «Капиталбанк» АТБ бошқаруви раиси Алишер Мирзаевлар иштирок этиб, оммавий ахборот воситалари ходимларини қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.
Шунингдек, анжуманда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари А.Каримов ҳам иштирок этди
Бугунги кунда дунёдаги оғир эпидемиологик вазият туфайли 2020 йилги яриммарафон дастурининг спорт қисмини виртуал форматда ўтказишни тақозо этмоқда. Ўзига хос янгича ёндашув яриммарафон иштирокчилари ва фуқароларимиз томонидан кўплаб саволларнинг туғилишига сабаб бўлмоқда.
“Samarkand Half Marathon” хайрия ярим марафонининг 2020 йилги мавзуси инклюзив муҳит ва аутизмга чалинган одамларнинг муаммоларини ёритишга қаратилади.
- Таъкидлаш жоизки, бу йилги Самарқанд яриммарафони ҳам Республика маданий ҳаётида муҳим ўринга эга бўлиб, Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва спорт туризмини ривожлантиришдан ташқари, ушбу лойиҳа хайрия миссиясига, яъни аутизмга чалинган болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Республика ҳукумати ушбу яриммарафон орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб қилаётган ва хайрия ишларини амалга ошираётган ҳамда узоқ муддатли таълим ва маданий лойиҳаларни ташкил этишда ташаббус кўрсатаётган Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси фаолиятини тўлиқ қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Шуни таъкидлашни истардимки, имконияти чекланган ва соғлом болаларни биргаликда ўқитиш ва тарбиялашни тизимли равишда жорий этиш, энг муҳими, жаҳон тенденциясига мувофиқ аутизм ҳақида гапириш, биргаликда ҳаракат ва тадбирлар билан бутун аҳоли ўртасида ушбу муҳим мавзу бўйича хабардорликни сифат жиҳатидан оширмоқдамиз, - деди “Samarkand Half Marathon” ташкилий қўмитаси раиси А.Абдуҳакимов.
Шунингдек, матбуот анжуманида Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов ҳам нутқ сўзлади.
- Гўзал ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида иккинчи маротаба ташкил этилаётган ушбу марафон мамлакат ижтимоий ҳаётида йирик ҳодиса бўлиб, у юртимизда маданий туризмни ривожлантиришга катта туртки беради. Бу шунчаки югуриш, оддий спорт тадбири эмас, балки бой маданий анъаналарни ўзида мужассам этган лойиҳадир.
Мамлакатимизнинг фахри ва ифтихорига айланган спортчилар – Оксана Чусовитина, Шахрам Ғиясов, Одил Ахмедов, Руслан Нуриддиновлар ҳам мазкур марафонни аҳоли орасида тарғиб этишда фаол иштирок этдилар.
Фурсатдан фойдаланиб мен ҳам барчангизни ушбу марафонда иштирок этишга чорлаб қоламан.
Бу йилги яриммарафон эпидемиологик вазият туфайли онлайн форматда ўтказилиб, бу йил билан жаҳоннинг турли мамлакатларидаги минглаб одамлар эътиборини яна бир бор жаннатмакон юртимизга қаратиш мумкин. Бу эса хорижликларда келгусида гўзал ва навқирон Самарқанд шаҳрига ташриф буюриш истагини уйғотади.
Жорий йил 1 ноябрь куни Самарқандда профессионал спортчилар учун 21 км масофага мўлжалланган классик яриммарафон ўтказилиши режалаштирилган. Шу куни эрталаб соат 09:00 дан 11:00 га қадар белгиланган йўналишда профессионаллар учун югуриш бўлиб ўтади. Шундан сўнг, кеч соат 21:00 гача бўлган вақт оралиғида бошқа иштирокчилар ўз хоҳишига кўра, ҳар қандай масофани босиб ўтишлари, ҳатто финиш аркаси ёнида суратга тушишлари мумкин.
Яриммарафон ўтказиладиган куни Самарқандда бўла олмаган инсонлар учун югуриш виртуал форматда ўтказилади, бу эса ўз ўрнида тадбирга кўплаб югурувчиларни жалб қилиш имкониятини ҳамда бутун дунё бўйлаб иштирокчиларга жой ва масофани ўзлари танлаш эркинлигини тақдим этади. Натижада халқаро хайрия яриммарафонининг географияси кенгаяди.
Бу йил “Samarkand Half Marathon” дастурида аниқ белгиланган масофалар бўлмайди. Ҳар бир иштирокчи 1 км.дан 50 км.гача бўлган масофани ўз ҳоҳишига кўра босиб ўтади. Тадбирда қатнашишни истаганлар жорий йил 1 ноябрга қадар яриммарафоннинг www.samarkandhalfmarathon.uz сайтида иштирокчи сифатида рўйхатдан ўтишлари лозим.
Ушбу тадбирда бу йил асосий эътибор жамоавий иштирокка, югуриш клублари ва коорпоратив жамоаларни жалб қилишга қаратилади. Шу мақсадда ташкилотчилар томонидан бутун дунё бўйлаб югурувчилар орасида жуда машҳур ва бепул бўлган GPS Strava мобил иловаси ишга туширилди. Мобил илова орқали финалчиларнинг якуний натижалари сайтга автоматик равишда юкланади. Натижаларнинг тўғри юкланиши учун Strava мобил иловасида аккаунтингизни шахсий кабинет билан биргаликда синхронлаштиришингиз лозим.
Бу йилги тадбирда биринчилик учун асосий кураш клублар, ҳудудлар ва жамоалар ўртасида кечишини инобатга олган ҳолда яриммарафонда республикамиз минтақаларидан ўзларини фаол намойиш этишлари сўралади.
Aҳоли қамрови кенгроқ бўлиши учун мобил иловага онлайн форматдаги иккита янги – масофаси 1 км бўлган «Болалар югуриши» ва «Скандинавча юриш» вариантлари қўшилди.
1 ноябрь – мусобақа кунида яриммарафоннинг расмий сайтида бутун дунё бўйлаб иштирокчилар томонидан югуриб ўтилган умумий масофа жонли эфирда узатиб борилади. Шу куни югуриш натижаларига кўра, энг узун масофани босиб ўтган жамоа ва ҳудуд ғолиб деб эълон қилинади.
Анжуман якунида ташкилотчилар марафон ўтадиган трассалар ва уларда амалга оширилаётган ишларни кўздан кечиришди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги