Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бруклинда Ўзбек тили байрами кунига бағишланган адабий-бадиий кеча ташкил этилди
2020-10-17 | Маданият
Ўзбекистон Республикаси Бош консулхонаси томонидан 21 октябрь - Ўзбек тили байрами кунига бағишлаб Нью-Йорк шаҳри Бруклин туманидаги «Зиё-Арт» ўзбек тили мактабида ўқувчилар ва «Mahalla USA» жамияти фаоллари иштирокида адабий-бадиий тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Анжуман давомида ўзбек миллий таомлари, либослари, рақслари, мусиқаси, қўшиқлари, урф-одатлари тақдимоти ҳамда кўргазмали чиқишлар бўлиб ўтди. Шунингдек, «она алласи» саҳна кўриниши иштирокчилар эътиборига тақдим этилди.
Бруклин тумани кўпсонли ўзбекистонликлар яшайдиган ҳудудлардан ҳисобланади. Тадбирнинг айнан ушбу туманда ташкиллаштирилиши мазкур ҳудудда истиқомат қилиб келаётган Ўзбекистон фуқароларида ватанпарварлик туйғуларини юксалтириш ҳамда ўзбек тилини АҚШда янада кенгроқ тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этади.
Кеча иштирокчилари серқирра ўзбек миллий урф-одатлари билан яқиндан танишганликларини ҳамда тадбирдан ўзлари учун маънавий озуқа олганликларини таъкидлади.
Бадиий кечада фаол иштирок этган иштирокчиларга «Mahalla USA» жамияти ва Бош консулхона томонидан таъсис этилган эсдалик совғалари топширилди.
Бруклин туманида ташкил этилган Ўзбек тили байрами кунига бағишланган тадбир маҳаллий оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилди.
Маълумот учун, АҚШда коронавирус билан боғлик эпидемиологик вазият муносабати чекловчи қатъий карантин чораларини жорий қилинганлиги сабабли Бош консулхона томонидан режалаштирилган ушбу мавзудаги навбатдаги тадбир жорий йил 21 октябрь куни виртуал шаклда ўтказилади.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги