Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Эл-юрт умиди» жамғармаси вакиллари ва хориждаги ватандошлар иштирокида ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилинди
2020-10-17 | Ёшлар
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва «Эл-юрт умиди» жамғармаси ҳамкорлигида видеомулоқот ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Онлайн-тадбирда мамлакатимизнинг ташқи сиёсат идораси, хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари масъул ходимлари, «Эл-юрт умиди» жамғармаси вакиллари, ватандош олимлар ва экспертлар иштирок этди.
Видеомулоқотда жамғарма ва хориж таълим дастурлари, шу жумладан чет эл илм-фан, тадқиқот ва таълим муассасаларида таҳсил олаётган, тадқиқотлар олиб бораётган, фаолият юритаётган юртдошларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидлаш керакки, мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 январдаги «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармасининг дастурлари бўйича кадрларни ўқитишни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари зиммасига юклатилган долзарб вазифаларнинг ижроси доирасида ташкил этилди.
Жамғарма жорий йил мамлакатимизнинг Япония, Малайзия, Бельгия ва бошқа давлатлардаги элчихоналари ёрдамида турли онлайн-мулоқотлар ўтказди. Шунингдек, АҚШ, Канада, Буюк Британия, Германия, Россия, Япония, Жанубий Корея, Австралия каби мамлакатларда истиқомат қилувчи ватандошлар билан доимий мулоқотлар ўрнатгани таъкидланди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги