Адлия вазирлиги томонидан тадбиркорлик субъектлари учун ҳуқуқий маслаҳатлар беришга ихтисослашган “Biznesga maslahat” (Advice for business) интерфаол портали яратилди.
Портал имкониятлари намойишига бағишланган тадбирда Адлия вазирлиги раҳбарияти, тадбиркорлар, халқаро экспертлар ва журналистлар иштирок этди.
Иштирокчилар маросимни онлайн равишда Адлия вазирлиги расмий сайти, ZOOM дастури ва вазирликнинг Facebook ҳамда YouTube даги расмий саҳифалари орқали кузатиб борди.
Мазкур портал “
Advice.uz” ҳуқуқий ахборот порталининг ижобий тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Адлия вазирлиги ташаббуси билан USAID халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси молиявий кўмагида ишга туширилди.
Маросимда янги ахборот порталида тадбиркорлар учун бир қатор қулайликлар яратилганлиги айтиб ўтилди.
Тадбиркорлар ўз фаолияти давомида дуч келадиган масалаларни халқчил ва амалиётга боғланган ҳолда тушунтиришга қаратилган мингга яқин ҳуқуқий маълумотлар порталга жойлаштирилган.
Тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтиш тартиби, ер олиш, меҳнат муносабатлари инфратузилмаларга уланиш,лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомиллари, банк, солиқ ва божхона қонунчилигига оид нормалар порталдан ўрин олган.
Порталда ҳуқуқий маълумотларни жойлаштириш билан чекланилмасдан, тадбиркорлик фаолияти учун зарур бўладиган ҳужжатларнинг намунавий шакллари ҳам берилган.
Портал орқали турли хизматларидан фойдаланиш мумкин. Жумладан, “Рўйхатдан ўтказиш” қисмида рўйхатдан ўтказиш ва тадбиркорлик субъектларининг турлари кўрсатилган бўлиб, улар билан батафсил танишиб, кейин рўйхатдан ўтказиш ҳаволаси -
fo.birdarcha.uz га кириш ва тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиш мумкин.
Порталда тадбиркорларнинг онлайн мурожаатлари қабул қилинади. Улар юзасидан қисқа муддатда ечим ва маслаҳатлар берилади.
Эътиборлиси, мазкур маслаҳатлар бепул берилади.
Таъкидланишича тадбиркорлар портал орқали бизнесни бошлашдан тортиб уни якунлашгача бўлган маълумотларга эга бўлиши мумкин.
Порталнинг мобиль иловаси ҳам ишлаб чиқилган. Демак, ундан фойдаланиш жуда ҳам қулай.
Умуман олганда, “Biznesga maslahat” портали —
https://b-advice.uz/ — тадбиркорлар билан ишлаш, уларнинг муаммоларни ҳал этиш ва қисқа муддатларда уларга амалий ёрдам бериш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этишни янги босқичга кўтаради.
Маросим давомида иштирокчиларни қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан жавоб берилди.
Манба: ЎзА