Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистонда фойдали қазилма участкалари «E-ijro auksion» онлайн-аукционга жойлаштирилди
2020-10-16 | Технологиялар
ТОШКЕНТ, 16 октябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистонда илк бор онлайн-аукцион орқали сотиб олиш мумкин бўлган фойдали қазилмалар мавжуд участкалар ҳақидаги маълумотлар «E-ijro auksion» сайтига жойлаштирилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Давлат геология қўмитаси маълумотига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 июндаги «Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар бериш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ 34 та стратегик турдаги фойдали қазилма участкаси онлайн-аукционга жойлаштирилди.
Эндиликда хорижий ва маҳаллий инвесторлар, интернет фойдаланувчилари «E-ijro auksion» платформаси орқали масофадан туриб Ўзбекистон ҳудудидаги фойдали қазилмалар мавжуд конлар ва истиқболли майдонлар жойлашувини кўриши, ер майдони ҳақидаги бирламчи маълумотлар билан танишиши, ушбу конларни ва истиқболли майдонлардан фойдаланиш ҳуқуқини аукционда қатнашув орқали қўлга киритиши мумкин.
Тадбиркорлик субъектларига ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар бериш онлайн-аукцион савдолари асосида амалга оширилади.
Талабгорлар «E-ijro auksion» электрон савдо майдончасида электрон аукционда иштирок этиш учун www.e-auksion.uz сайти орқали электрон шаклда аризаларни ўрнатилган тартибда топшириши ҳамда ушбу аризада қайд этилган лот рақами ва номи бўйича электрон аукцион савдоларида иштирок этиши учун шароит яратилган.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги