Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида олий таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича навбатдаги мувафаққиятли қадамлар
2020-10-16 | Таълим
ДЕҲЛИ, 16 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси томонидан Бухоро вилояти ҳокимлиги ва Ҳиндистоннинг Ражастон штатидаги Жайпур Манипал университети ўртасида видеоконференцалоқа шаклида мулоқот ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Масофавий анжумандан кўзланган асосий мақсад мамлакатимиз таълим соҳасига инвестицияларни янада фаол жалб қилиш ва бу борада Ҳиндистон билан ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат бўлди.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Ризо Асадов, Бухоро давлат университети проректори Аброр Жўраев, Бухоро давлат тиббиёт институти проректори Аҳатжон Насруллаев, Бухоро муҳандислик-технология институти бўлим бошлиғи Комил Шокиров, Жайпур Манипал университети халқаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Ажай Шарма ва унинг ўринбосари П.Суорлиа ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилди.
Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Ўзбекистонда, хусусан, Бухорода олий таълим тизимини ривожлантиришга қаратилаётган катта эътибор, соҳада эришилаётган ютуқлар, ёшларнинг юқори даражали билим олишга бўлган интилиши ҳамда вилоятда олий таълим муассасалари, жумладан халқаро университетлар очишга бўлган эҳтиёж ҳақида сўз юритди. Шунингдек, вилоятда хорижий инвесторлар учун яратилган шароитлар, хорижий давлатлар билан ҳамкорлик учун яратилаётган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
А.Жўраев Бухоро ва Ҳиндистон олий таълим муассасалари ўртасидаги дўстона алоқалар, мавжуд келишув ва меморандумлар ҳамда ўзаро ташрифларни қайд этиб, ҳозирги кунда давлатлар ўртасида икки томонлама манфаатли ҳамкорлик ўрнатилганини таъкидлади. Шунингдек, келгусида Бухорода Манипал университети филиалини очишнинг истиқболли йўналишлари ҳақида гапирди.
Ўз навбатида, А.Шарма маълумотига кўра, Жайпур Манипал университети Манипал университетлари гуруҳи (Ҳиндистон) таркибида 2011 йилда ташкил этилган ва бугунги кунда ушбу олий таълим муассасасида муҳандислик, архитектура, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари, компьютер дастурлари, менежмент, тижорат, дизайнерлик, тасвирий санъат, меҳмонхона хизматлари, журналистика ва оммавий коммуникациялар, ҳуқуқшунослик ва гуманитар фанлар йўналишларида юқори малакали мутахассислар тайёрланмоқда.
Манипал университетлари гуруҳи таркибида Жайпур Манипал университетидан ташқари Манипал олий таълим академияси (Карнатака штати), Сикким Манипал университети (Сикким штати), Манипал халқаро университети (Малайзия), Манипал олий таълим академияси (Дубай) ва Антигуа Америка университети (Кариб ороллари) фаолият юритмоқда. Айни пайтда Индонезия ва Шри-Ланкада университетнинг филиалларини очиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Ушбу тизим хорижий давлатлар билан ҳамкорлик ўрнатиш борасида ҳам катта тажрибага эга. Жайпур Манипал университети 60 га яқин хорижий давлатларнинг 200 дан ортиқ нуфузли университети, жумладан Буюк Британиянинг Оксфорд университети, АҚШнинг Калифорния давлат университети, Чикаго университети, Германиянинг Гамбург техника университети ва Бремен университети, Бауман номидаги Москва давлат техника университети, Туркиянинг Истанбул ва Карабук университетлари, Сингапур менежмент университети ва бошқалар билан яқин алоқа ўрнатган.
Бухоро вилояти томонидан тақдим этилган маълумотлардан келиб чиқиб, А.Шарма вилоятда Манипал университетининг бўлимини очиш, ўқитувчилар малакасини ошириш ва ўзаро талабалар алмашинуви дастурлари бўйича яқин ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди.
Шунга кўра, ҳинд томони музокараларни давом эттириш мақсадида Манипал университети раҳбарияти, ўқитувчилари, талабалари ва Ражастон штати тадбиркорларидан иборат делегация пандемия чекловлари юмшатилгандан кейин Бухорога ташриф буюришини маълум қилди.
Самарали ўтган тадбир сўнггида музокараларни мунтазам давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги