Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбек тили ва адабиёти ҳамда ўзбек халқининг маданияти менинг қалбимга жуда яқин — ҳиндистонлик адабиётшунос
2020-10-15 | Маданият
ДЕҲЛИ, 15 октябрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Деҳли шаҳридаги элчихонасида 21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни муносабати адабий-бадиий тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Анжуманда Жомия Миллия Исломия университети ўзбек тили ўқитувчиси профессор Шоҳид Таслим, Ҳиндистондаги «Ўзбек тили дўстлари» клуби аъзолари ва Деҳли шаҳрида таҳсил олувчи ўзбекистонлик ёшлар иштирок этди.
Байрам маросимида Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси томонидан ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши тарихи, мустақиллик йилларида ўзбек тилини давлат тилига айлантириш йўлида амалга оширилган ишлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг тарихий аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Хусусан, фармонга биноан «Давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилинган куннинг улкан тарихий ўрни ва аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда, 21 октябрь санаси Ўзбекистонда «Ўзбек тили байрами куни» сифатида кенг нишонланаётганлиги ҳамда ушбу ҳужжатни ҳаётга тадбиқ қилиш доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълум қилинди.
2020 йил 23 сентябрь куни тарихда илк маротаба БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида ўзбек тилида нутқ янграгани ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиеёв томонидан қўйилган ушбу тарихий қадам Ўзбекистон халқи ва бутун дунё ҳамжамияти томонидан олқиш билан кутиб олингани таъкидланди.
Тадбир доирасида ўзбек тили, адабиёти ва маданиятини Ҳиндистонда тарғиб қилиш ишларига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган Жомия Миллия Исломия университети ўзбек тили ўқитувчиси профессор Шоҳид Таслимга алоҳида миннатдорлик билдирилди.
Шундан сўнг мамлакатимизда чоп этилган 5 жилдлик «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» тақдимоти ўтказилди. Ушбу тўплам сўнгги бир йил давомида давлат тилини ривожлантиришга қаратилган амалий ишлар натижаларидан бири эканлиги қайд этилди.
Ушбу тўплам Жомия Миллия Исломия Университети кутубхонаси, «Ўзбек тили дўстлари» клуби ва профессор Шоҳид Таслимга тақдим этилди.
Шоҳид Таслим, Жомия Миллия Исломия университети ўзбек тили ўқитувчиси:
— Шуни қувонч билан таъкидламоқчиманки, ўзбек тили бир неча йиллардан бери университетимизда ўқитилмоқда. Бу шарафли вазифани амалга ошириш мени зиммамга юклатилганидан беҳад хурсандман. Мен ўзбек тилидаги билимларим устида доимий равишда ишлаган ҳолда, ушбу масъулиятли вазифани бажариш учун барча имкониятларимни сафарбар этаяпман. Мен ўзбек тилини чин дилдан севаман. Нафақат ўзбек тили ва адабиёти, балки ўзбек халқи ва маданияти менинг қалбимга жуда яқиндир. Бунинг асосий сабаби бизнинг аждодларимиз ўртасидаги маънавий, маданий яқинликдир. Ўзбек тилини ўрганиш мен учун жуда осон ва севимли иш, десам муболаға бўлмайди. Бундан ташқари, мен урду тили ва адабиёти бўйича ҳам мутахассис бўлганлигим боис ўзбек тилини ўрганиш мен учун қийинчилик туғдирмайди. Негаки, ўзбек ва урду тиллари ўртасида лисоний жиҳатдан чуқур ришталар мавжуд. Уларда тахминан 3-4 мингга яқин муштарак сўзлар бор.
Фурсатдан фойдаланиб, университетимизда ўзбек тилини ўқитишни йўлга қўйишда доимий кўмак кўрсатиб келаётган Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети раҳбариятига ўзимнинг самимий миннатдорлигимни билдирмоқчиман.
Бир неча кундан сўнг, яъни 21 октябрь куни Ўзбекистонда “Ўзбек тили байрами” кенг нишонланади. Бутун дўст Ўзбекистон халқини Ҳиндистон халқи ва талабалари номидан ушбу байрам билан чин дилдан табриклайман.
Салмон Азми, Жомия Миллия Исломия университети талабаси:
— Мен ўзбек тилига бўлган қизиқишим туфайли ҳозирги кунда Жомия Миллия Исломия университетида ўзбек тилини ўрганяпман. Бугун дўстларим ва устозимиз билан Ўзбекистон элчихонасида ўзбек тили байрамини нишонлаш учун йиғилдик. Бизга «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»ни совға қилишди. Биз бундан жуда ҳам хурсандмиз ва бунинг учун катта раҳмат айтамиз.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги