Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Samarkand Half Marathon” халқаро хайрия турнири янги Ипак йўли марафонини бошлаб беради — Бенуа Майер
2020-10-14 | Жамият
ПАРИЖ, 13 октябрь. /“Дунё” АА/. Жорий йил 1 ноябрь куни Самарқандда ўтказиладиган “Samarkand Half Marathon” халқаро хайрия яриммарафонига Франция жамоатчилиги ва атлетлари томонидан катта қизиқиш билдирилмоқда. Жумладан, “Athleting Club” спорт агентлиги раҳбари Бенуа Майер “Дунё” АА мухбири билан суҳбатда яриммарафоннинг жамиятда соғлом турмуш тарзини тарғиб этишдаги ўрни хусусидаги фикрларини сўзлаб берди.
— Қадимий ва гўзал Самарқандда ўтказиладиган “Samarkand Half Marathon” халқаро хайрия яриммарафони Ўзбекистонни бутун дунёга танитишда хизмат қиладиган муҳим спорт тадбирлардан бири бўлади, - деди у. - Жаҳонда кўплаб машҳур шаҳарларда марафонлар ва яримфарафонлар ташкил этилади. Бундай тадбирлар шаҳарларни мусобақа учун шароитларни такомиллаштиришга ва аҳолини шундай катта тадбирларга руҳан ва жисмонан тарбиялашга туртки беради.
Югуриш бўйича ушбу виртуал мусобақада Лондон, Париж, Нью-Йорк, Милан, дунёнинг барча бурчакларида иштирок этиш мумкин. Аммо Самарқандда ўтказилаётган тадбир бир пайтнинг ўзида ҳам спорт, ҳам тарих ва, қолаверса, туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилишга хизмат қилиши билан аҳамиятли, деб ўйлайман.
Ўзбекистонда кўплаб спорт турлари, жумладан, бокс, дзюдо ва каратэ ривож топганидан хабардормиз. Ушбу спорт турларида вакилларингиз жаҳонда кучлилар сафида эътироф этилади. Лекин мазкур марафон орқали бутун дунё аҳли Ўзбекистоннинг янги қирраларини кашф этади. Бундан ташқари марафон ушбу спортга қизиқадиган янги авлодни тарбиялашга йўл очиб беради. Улар эса яқин келажакда жаҳон ареналари, Олимпия ўйинларида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилади.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон қадимги Ипак йўлининг марказида жойлашган мамлакат. Самарқандда ўтказиладиган спорт байрами ўз-ўзидан янги Ипак йўли марафонини бошлаб беради.
Ушбу яриммарафоннинг яна эътиборли жиҳати - унинг доирасида аутизм касали билан азият чекаётган болаларни қўллаб-қувватлаш мақсадига қаратилган хайрия акциясининг ўтказилишидир.
Фурсатдан фойдаланиб, мен Ўзбекистонга, шу жумладан Самарқанд шаҳрига ушбу тадбирни ташкил этишда катта муваффақият, марафон иштирокчиларига эса омад тилайман.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги