Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Авесто” музейи экспонатлари электрон маълумотлар базаси яратилди
2020-10-14 | Маданият
“Авесто” – юртимиз тарихи ва маданиятига оид ноёб асар ҳисобланади. Ўз навбатида, бу асар жаҳон аҳамиятидаги дурдоналардан.
ЮНЕСКО томонидан “Авесто” китоби ёзилганлигининг 2700 йиллиги кенг нишонлангани бунинг исботидир. Урганч шаҳрида 20 гектарлик боғ мажмуа бунёд этилиб, ноёб асарга ёдгорлик монументи ўрнатилган. Қолаверса, 2001 йилда “Авесто” боғ мажмуасида “Авесто” музейи ҳам ташкил қилинди.
Ноёб экспонатлар орасида эрамиздан аввалги оссурийлар, Хоразм ёзувидан намуналар, Алишер Навоийнинг “Хамса” асари достонлари қўлёзмаси, 2-3 минг йиллик археологик топилмалар, безаклар, тангалар, расм, портрет ва бошқа қимматли ҳужжатлар мавжуд.
Аммо уларнинг айримлари атроф-муҳитнинг таъсири ва сақланаётган жойнинг номутаносиблигидан емирилиб, йўқолиб кетмоқда. Баъзан ушбу экспонатларни номаълум шахслар томонидан ўғирлаш ҳолатлари ҳам содир бўлмоқда.
Хоразмлик ўлкашунос Комилжон Нуржанов бу муаммони ҳал қилиш учун Олий Мажлис Сенати аъзоси Гавҳар Дурдиевага мурожаат қилган.
Сенатор ташаббуси билан эса айнан шу муаммони ечиш учун махсус грант лойиҳаси тайёрланди. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан Давлат гранти 4-танловида қатнашиш учун - “Урганч шаҳридаги “Авесто” музейининг экспонатлари бўйича инновацион электрон маълумотлар базасини тайёрлаш” мавзусидаги грант лойиҳаси тақдим этилди.
Ушбу лойиҳа бўйича халқаро “Олтин Мерос” жамғармаси Хоразм вилояти бўлими ва Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди ўртасида шартнома тузилди ва амалий ишлар бошланди.
Ҳозирда “Авесто” музейидаги атроф-муҳитнинг салбий таъсиридан ва сақланаётган жойнинг номутаносиблигидан емирилиб бораётган ноёб музей экспонатларини келгуси авлодларга ўз ҳолида етказиш мақсадида талаб даражасида таъмирланди. Қолаверса, 5 мингга яқин турли топилма, ҳужжат ва архив материаллари бўйича инновацион тизим, яъни электрон тарздаги Маълумотлар базаси яратилди.
Мухтасар қилиб айтганда, кўҳна Хоразм тамаддунига доир бўлган музейдаги кўҳна маданиятга доир инновацион, электрон шаклда тайёрланган маълумотлар базасидан нафақат юртдошларимиз, балки хорижий сайёҳлар ҳам фойдаланиши учун имкон яратилади.
Манба: ЎзА