Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Республика туманлари ҳокимлари ҳамда ОАВ вакиллари учун Бўстонлиққа инфотур ташкил этди
2020-10-13 | Туризм
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги ва Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан ҳамкорликда ўрмон хўжаликлари мавжуд бўлган Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар туманлари ҳокимликлари ҳамда оммавий ахборот воситалари (ОАВ) вакиллари учун инфо-тур ташкил этди.
Тадбир доирасида “Amirsoy”, “Tibet”, “Heaven’s Garden”, “Chimgan” замонавий меҳмонхонаси ҳамда “Бурчмулло” давлат ўрмон хўжалиги “Сижжак” бўлимига ташрифлар ташкил этилди. “Инфо-тур доирасида меҳмонларга барча туристик объектлар ва янги лойиҳалар ҳақида кенг маълумот берилди, соҳа мутахассислари иштирокида интервьюлар ташкил этилди. Жумладан, улар Бўстонлиқ туманида туризм соҳасидаги ислоҳотлар ва ўрмон хўжалиги ерларида йўлга қўйилган янги лойиҳалар ҳамда экотуризмни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратишди”, - дейди Бўстонлиқ тумани ҳокими Жўрабек Аҳмедов. Тур давомида иштирокчилар “Бурчмулло” давлат ўрмон хўжалиги “Сижжак” бўлими фаолияти билан яқиндан танишишди. Ўрмон хўжалиги директори Абдукарим Абдужамилов туманлар ҳокимлари ва ОАВ вакилларига ўрмон хўжалиги ҳақида батафсил маълумот берди. Айни пайтда ўрмон хўжалигининг умумий майдони 353 минг гектар бўлиб, шундан 1,5 минг гектарига турли хил дарахт кўчатлари экилган. Бу ҳудудда бўри, ёввойи тўнғиз, айиқ, тоғ эчкиси ва тоғ кийиги кабилар яшайди.
Шунингдек, тур иштирокчилари Марказий Осиёда ягона бўлган кийикчиликни ривожлантириш лойиҳаси бўйича амалга оширилаётган ишларга ҳам қизиқиш билдиришди. Ушбу лойиҳани йўлга қўйиш ва ривожлантириш учун 2018 йилда Испания, Озарбайжон, Германия давлатларидан мутахассислар таклиф этилган. Айни пайтда қўриқхонада 95 бош кийик боқилмоқда. Қўриқхона атрофи, кийикларнинг баланд сакрашини ҳисобга олган ҳолда, махсус панжаралар билан ўралган.
Берилган маълумотларга кўра, мазкур ўрмон хўжалигида жами 746 нафар ишчи ишлайди. Туманлар ҳокимлари ва вилоятлар ҳокимлари ўринбосарлари ҳам инфо-тур давомида ўзлари учун кўплаб керакли маълумотларни олишди. Жумладан, Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Ботир Шаҳриёров тадбир ҳақидаги фикрлари билан бўлишди. “Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташаббуси билан Бўстонлиқ тумани туризм салоҳияти ва унинг ҳудудида барпо этилаётган инфратузилма объектларига ташкил этилган танишув саёҳати бизда катта таассурот қолдирди. Айниқса, “Amirsoy” туризм комплексида ишга туширилган замонавий осма дор йўли, чана ва чанғи учишга мўлжалланган қор йўлаклари, селфи зонаси, автотураргоҳ, аҳоли, сайёҳ ва меҳмонларни қабул қилиш биносида дам олиш ҳамда овқатланиш учун яратилган қулай шароитлар бу ерга келувчи сайёҳларни янада кўпроқ жалб этишга хизмат қилади.
Шунингдек, “Tibet” комплекси, ўрмонзорлар, янги меҳмонхона мажмуалари ҳар қандай сайёҳнинг кўнгилдагидек ҳордиқ чиқаришини таъминлаш имконига эга. Албатта, ҳар бир ҳудудда туризмни жадал ривожлантириш учун янги туристик объектлар ва туристик йўналишлар бўйлаб йўл, электр энергияси, ичимлик суви тармоқлари ва маиший хизмат турларининг юқори даражада бўлишини таъминлаш талаб этилади. Ўз навбатида, Бўстонлиқ туманида замонавий туризм саноатини барпо этиш жараёнида шу энг муҳим тармоқлар таъминотига алоҳида эътибор қаратилганлиги айниқса аҳамиятлидир”, - деди Шаҳриёров.
Инфо-тур якунига кўра, Бўстонлиқ туманида ўрганилган янги йўналишлар ва жозибадор туристик объектлар бўйича амалий тажрибаларни Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларининг ўрмон хўжаликлари ҳудудларида янги туризм объектларини яратиш жараёнида қўллашга доир аниқ вазифалар белгилаб олинди. Таъкидлаш жоизки, Бўстонлиқ туманига инфо-тур 2020 йилнинг 2 сентябрида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтган видеоселектор йиғилиши доирасида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги