Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Она тилимиз қайта туғилган кун

2020-10-13 | Маданият

21 октябрь – Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун

Божхона тизимида кўп йиллардан буён фаолият юритаман. Божхона чегара постлари орқали ҳар куни кўплаб сайёҳлар, турли миллат вакиллари юртимизга кириб келади, яна кимлардир чиқиб кетади. Хизмат юзасидан улар билан мулоқотда бўламиз. Баъзан, айниқса, Ўзбекистондан ўз юртига кетаётган хорижлик меҳмонлар божхона постига келганида “Ассалому алайкум” дея она тилимизда салом берганларида беихтиёр кайфиятим кўтарилади, қалбимда фахр-ифтихор туйғуси жўш уради. 
 
Чунки, узоқ ҳиндистонлик ёки хитойлик она тилимда саломлашганидан ғурурланаман. Хорижликлар ўзбек тилида бир нечта бўлса ҳам сўз ўрганибдики, бу тилимизнинг умри боқийлигидан, асрлар давомида унутилмаслигидан, ўзга миллат вакилларининг халқимизга, тилимизга бўлган ҳурматидан нишонадир.

Она тилимиз дунёдаги қадимий, гўзал ва бой тиллардан бири ҳисобланади. Тилнинг беқиёс имкониятлари қадимги тошбитикларда, халқимизнинг замонлар синовидан ўтиб келаётган мақол ва ҳикматли сўзлари, бетакрор иборалари, достонларида, шоир ва ёзувчиларимиз асарларида яққол кўриш мумкин. Она тилимиз ҳақида сўз кетганда халқимизнинг ардоқли шоири Муҳаммад Юсуфнинг қуйидаги мисралари хаёлимга келаверади:

Сен бўлмасанг нима бизга силлик шеърлар,

Бу дунёда тили йўқда дил йўқ дерлар,

Баҳоинг-ку бериб кетган Алишерлар,

Юрагимнинг тўридаги сўлмас гулим,

Она тилим, кечир мени, она тилим.

Бир қарасам ҳар шевангда минг жилолар

Ҳар новдангда, ҳар мевангда минг жилолар.

Қодирийлар, Чўлпонлар-у, Абдуллолар,

Сенинг қайтган кунинг мен туғилган йилим,

Она тилим, эй муқаддас Она тилим.


Шоир айтганидай, она тилимизга давлат тили мақоми берилганлиги ҳақиқатдан ҳам тилимизнинг қайта туғилган кунидир. Шу кундан тилимиз равнақи, унинг нуфузи ва барҳаётлигини таъминлаш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилган, десак асло муболаға бўлмайди.

Маълумотларга қараганда, бугунги кунда ер юзи аҳолиси уч мингга яқин тилда сўзлашар экан. Улар орасидан икки юз йил яқинигина давлат тили мақомини олган экан. Ана шулар орасида ўзбек тилининг борлиги ҳар бир миллатдошимиз қалбида шубҳасиз, фахр-ифтихор туйғусини уйғотади.

Президентимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеянинг 75-сессияда ўзбек тилида қилган тарихий нутқи, муҳтарам юртбошимиз томонидан илгари сурилган ташаббус ва таклифлар нафақат мамлакатимизнинг, балки ўзбек тилининг халқаро ҳамжамият ўртасидаги нуфузи ва обрў-эътиборини янги поғонага кўтарди.

Бир сўз билан айтганда, кейинги йилларда халқмизнинг миллий маданияти ва ўзига хослигини ифода этувчи восита – тилимизни ривожлантириш, янада бойитиш, мақомини кўтариш, унинг имкониятларини тўлиқ рўёбга чиқариш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Она тилимиз миллий маънавиятимиз ва мафкурамизнинг ажралмас қисми сифатида бойимоқда, юксалмоқда.

Ана шу юксалишни божхона тизимида тилимизга бўлган эътибор мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Хусусан, экспорт-импорт бўйича аксарият божхона шартномалари ўзбек, рус ва инглиз тилларида тузилмоқда. Чегара постларига ўрнатилаётган турли пано ва афишалар аввал ўзбек тилида кейин қайсидир хорижий тилда ёзилаётгани нафақат юртдошларимизда, балки юртимизга ташриф буюраётган хорижликларда ҳам ўзбек тилига бўлган ҳурмат ва эътиборни шакллантиришга хизмат қилади.
 
Дилмурод МИРЗАЕВ,
Андижон вилояти божхона бошқармаси ходими

Манба: ЎзА

Поделиться