Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Анонс: Эртага «Шанхай-Тошкент: электрон тижорат истиқболлари» - «электрон тижорат ипак йўли» мавзусидаги бизнес-форум бўлиб ўтади
2020-10-12 | Технологиялар
ТОШКЕНТ, 12 октябрь. /«Дунё» АА/. Эртага, 13 октябрь куни соат 11:00да Ўзбекистон ва Хитой тижорат тузилмалари вакиллари иштирокида «Шанхай-Тошкент: электрон тижорат истиқболлари - электрон тижорат ипак йўли» мавзусидаги бизнес-форум онлайн шаклда бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Онлайн-анжуман мамлакатимизнинг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонаси, Шанхайдаги Бош консулхонаси, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, «BMB Trade Group» ва «AEEX» инвестициявий-консалтинг компаниялари, Хитой Халқ Республикаси Электрон тижорат халқаро марказининг электрон тижорат ва ахборот коммуникациялар департаменти, Синьжон Осиё-Европа халқаро савдо маркази ташкилотчилигида ўтказилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи савдо ва инвестициялар вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инновацион ривожлантириш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси тадбирни ўтказишга ташкилий кўмак бермоқда.
Бизнес-форумда Ўзбекистон ва Хитой давлат ва жамоат ҳамда тижорат доираларининг 50 нафардан ортиқ вакили иштирокида электрон тижорат соҳасида халқаро ва ҳудудлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича устувор масалалар муҳокама қилинади.
Тадбирда, шунингдек, «АЕЕХ» ҳамда «BMB Trade Group» компаниялари ўртасида мамлакатимизда етиштириладиган маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Хитой бозорига экспортини кенгайтириш мақсададида электрон савдо майдончаларини ташкил қилиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида меморандуми имзоланиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, ЮНКТАД маълумотларига кўра, бугун рақамли савдонинг глобал бозори 30 триллион долларга яқин ҳажмни ташкил этмоқда. Рақамли савдонинг улуши дунё бозорининг 20 фоизига тенг, 2025 йилга бориб бу кўрсаткич 25 фоизга етиши башорат қилмоқда.
СОVID-19 пандемияси даврида рақамлаштириш жараёнининг сезиларли даражада ўсиши катта ҳажмдаги иш ўринларини яратиш, иқтисодиётни янада шаффоф бўлиши, хизматлар турининг кенгайиши ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни халқаро бозорларга экспортини оширишга хизмат қилмоқда.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги