Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тиббиёт соҳасида кислород билан ишлашда хавфли омиллар ва хавфсизлик чоралари
2020-10-12 | Хавфсизлик соҳаси
Тиббиёт мақсадларида ишлатиладиган сиқилган кислороднинг хавфли омиллари - бу унинг тез ёниш хусусияти, шу жумладан, ёнғинга хавфлилиги ва портловчи газ хусусиятларига эга эканлиги ҳисобланади.
Кислород кимёвий элемент сифатида токсик хусусиятга эга эмас, у ўз-ўзидан портламайди ва ёнмайди, аммо у кучли оксидловчи ҳисобланади ва турли материалларнинг ёнишини фаоллаштиради. Тиббий мақсадларда ишлатиладиган сиқилган кислород баллони 15-20 МПага тенг юқори босимга эга. Сиқилган кислород баллонлари кўк (ҳаво) рангда бўлади ҳамда қора рангдаги «Кислород» ёзуви билан белгиланади.
Ёғ ва мойлар билан реакцияга киришганда, кислород иссиқлик чиқиши билан дарҳол оксидланади, бу эса ёнғин ва портлашга олиб келади.
Кислород баллонларини сақлаш ва улардан фойдаланишга фақатгина уларнинг барқарор, йиқилишига йўл қўйилмаган (тик) ҳолатдагина рухсат этилади. Кислород баллонлари яқинида чекиш, очиқ олов манбаларидан фойдаланиш мумкин эмас.
Ёдингизда тутинг!
Кислород баллонларидан фойдаланилганда, асбоб-ускуналар, ходимларнинг қўллари ва кийимлари ёғ ва мойдан тозаланган бўлиши лозим! Кислород баллонлари билан ишлашда спирт, лейкопластер, дезинфекциялаш воситаси ёки бошқа ёниши мумкин бўлган манбаларни ишлатиш таъқиқланади. Синтетик матодан тикилган кийимларда ишлаш мумкин эмас.
Кислород баллонлари жойлашган хонада тез ёнувчан моддалар мавжуд бўлмаслиги, очиқ шамоллатиш, хонадаги ҳавони бошқариш учун воситаларнинг бўлишлиги, шунингдек, у ердаги одамлар сонини чеклаш лозим. Ёнғинларнинг олдини олиш учун атроф-муҳитдаги кислород миқдори ҳажм бўйича 23% дан ошмаслиги керак. Хонадаги кислород миқдорининг юқори бўлиши учқунсиз ёнғин чиқишига олиб келиши мумкин! Кислород сақланадиган хонани тозалаш тоза сув ва оддий мато ёрдамида амалга оширилади.
Баллондаги кран редукторининг вентили, босим кескин кўтарилишининг олдини олиш учун, кислород юборишдан олдин ва кейин у аста-секинлик билан очилади. Манометрни кузатиб боринг! Вентилни очиш учун болға ишлатиш мумкин эмас. Вентиль ишламай қолганда баллонга, «Эҳтиёт бўлинг, нуқсонли вентиль. Баллон тўлиқ» деб ёзиб қўйилади. «Кислород» ёки «Мой хавфли» ёзуви бўлмаган босим ўлчагичлари (манометр)дан фойдаланиш тақиқланади. Вентилни очиш вақтида редуктор ва кислород етказиб берувчи линиянинг рўпарасида туриш мумкин эмас. Кислородни ҳавога чиқарманг! Бу сизнинг кийимларингиз ва биноларингизда тўпланиб, ёнғин ёки портлашга олиб келиши мумкин!
Кислород баллонлари ва кислород қувурларини иссиқлик манбаларидан сақлаш, шунингдек, атмосфера омилларидан ва иситишдан ҳимояланган бўлиши керак, чунки иситилган кислород (50°С дан юқори) вентиль муҳрини тешиши ёки уни йиртиб юбориши мумкин!
Баллонлар ишлатилгандан сўнг, озроқ қолдиқ босим билан тўлдириш учун топширилади. Баллонда тахминан 3-5 Мпа босим қолиши учун босим ўлчагични (манометр) кузатиб боринг. Бу ўз навбатида баллон ичига тиббий кислородни ифлослантирадиган ҳаво киришига тўсқинлик қилади. Бундай баллонлар бўр билан «Бўш» деб белгиланиши керак.
Баллонлардаги тиббиёт кислороди, ҳар қандай дори сингари ишлаб чиқарувчининг паспортига, яроқлилик муддатига, гувоҳнома ва мувофиқлик сертификатига эга бўлади. Кислород ускунасидан фақат ваколатли хизмат кўрсатиш мутахассиси томонидан хизмат кўрсатилади.
Кислород терапияси учун, унинг усулларидан қатъий назар, фақат тиббиёт кислородидан фойдаланишга рухсат берилади. Амалдаги давлат стандартларига мувофиқ, тиббиёт кислороди
99% кислород, 1% азотга эга бўлиши ҳамда бошқа газсимон аралашмаларга (карбонат ангидрид, метан, водород сулфиди) эга бўлмаслиги керак. Органолептик жиҳатдан - бу рангсиз, таъмсиз ва ҳидсиз газдир. Тиббиёт кислороди баллонлари 40 литр сиғимга эга ва 15 Мпа (150кгс/см2) босимдаги газсимон кислородни ўз ичига олади.
Кислород баллонларда юқори босим остидаги бўлганлиги сабабли, кислородни ишлатиш, сақлаш ва ташиш билан шуғулланадиган барча шахслар ва биринчи навбатда, шифокорлар ушбу фаолият билан боғлиқ асосий талаблар ва хавфсизлик қоидаларини билишлари лозим.
Тиббиёт кислороди билан тўлдирилган баллонлар кўк рангга бўялган ҳамда қора рангдаги «кислород» ва «М» ҳарфи билан этикетланган бўлиши керак. Кислородни 2-3 атмдан кўп бўлмаган босимда ишлатиш мумкинлиги сабабли, босимни пасайтириш учун баллонга махсус қурилма - редуктор уланади.
Кислород баллонларидан фойдаланишда айрим эҳтиёт чоралари кўрилсагина, уни ишлатиш хавфсиздир. Шу билан бирга, уларга эҳтиётсизлик билан муносабатда бўлиш кутилмаган салбий оқибатларга олиб келиши мумкин (портлаш ва бошқалар).
Сиқилган газсимон кислород ёғ ва мойлар билан реакцияга киришганда улар билан фаол бирикиб, ёнғин ва портлашни юзага келтиради. Баллон сақланадиган хонада чекиш қатъиян ман этилади. Баллонни тебраниш ва турли зарбалардан ҳимоя қилиш керак. Уни салқин жойдаги деворга ўрнатиб, тик (вертикал) ҳолда сақланади. Баллон вентилини (қопқоғини) очганда, унга юз томони билан қараб туриш тавсия этилмайди, чунки кучли кислород оқими кўзларнинг шиллиқ қаватининг куйишига ва кўриш қобилиятига зарар етказиши мумкин.
Кислород баллони портлаганда бўлакларга парчаланиб кетади. Ёнғин чиқиши хавфини олдини олиш, бахтсиз ҳодисаларни бартараф этиш учун кислород баллони сақланадиган ҳар қандай хонада ўт ўчириш воситалари бўлиши керак. Кислород баллонлари махсус мўлжалланган, чекиш қатъиян ман этилган хоналарда сақланиши керак. Кислород баллонларини иссиқлик мосламалари яқинида ва қуёш нурлари тушадиган жойларда сақлаш мумкин эмас.
Кислород баллони билан ишлашда қўллар тоза (крем ва бошқа мойлардан тозаланган) бўлиши керак, қўлларни спирт билан артиш мумкин эмас. Гипербарик оксигенациядан олдин, беморнинг юзида косметик моддалар йўқлигига ишонч ҳосил қилиш керак.
Тиббиёт кислороди билан ишлашда хавфсизлик талаблари
Кислород баллонларда 15 Мпа (150кгс/см2) босим остида сақланади ва ташилади. Баллонларда ишлаб чиқарувчи заводнинг товар белгиси, баллоннинг рақами, оғирлиги, ишлаб чиқарилган санаси ва техник кўрикдан ўтган даври кўрсатилган марка мавжуд бўлади.
Диққат!
Сиқилган кислород портлаш хусусиятига эга. Кислород баллонларидан фойдаланганда қуйидаги қоидаларга қатъий риоя қилиниши зарур:
• Баллон металл мосламага ўрнатилган ва камар ёки занжир билан қотирилган бўлиши керак.
• Баллон иситиш мосламаларидан камида 1 метр ва очиқ олов манбаларидан 5 метр масофада ўрнатилиши керак.
• Баллон қуёш нурларининг тўғридан-тўғри таъсиридан ҳимояланган бўлиши керак.
• Ҳеч қачон мойни баллон штуцерига киришига йўл қўйиб бўлмайди.
• Баллондан бошқа тизимга газни фақатгина шу тизимдаги босим учун мўлжаллаб ўрнатилган босим ўлчагичли (манометр), босим ўтказгич (редуктор) орқали ўтказиш мумкин.
• Газ чиқарилиши вақтида баллон шундай жойлаштирилиши керакки, бунда штуцернинг чиқиш тешиги ишчидан бошқа томонга йўналтирилмоғи лозим.
• Техник кўрикдан ўтиш муддати тугаган, устки корпуси ёки вентили шикастланган, ранги ёки ёзуви қоидаларга тўғри келмайдиган баллонлардан фойдаланиш тақиқланади.
• Кислород баллони билан ишлаганда қўлларга ёғли крем суртиш тақиқланади.
• Кислородни қабул қилишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилинг - кислород шиллиқ пардаларни куйишига олиб келади.
• Уй шароитида ҳамда тиббиёт ходимларининг назоратисиз кислород баллонидан фойдаланиш тақиқланади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси