Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкент давлат шарқшунослик университетига туркиялик мутахассислар педагогик фаолият учун таклиф қилинди
2020-10-10 | Таълим
ТОШКЕНТ, 10 октябрь. /«Дунё» АА/. Тошкент давлат шарқшунослик университетининг халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Элёр Маҳмудов Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Меҳмет Сурайя Эр билан онлайн-мулоқот ўтказди, деб хабар бермоқда Дунё АА мухбири университет манбасига асосланиб.
Унда университетнинг Туркия Республикаси олий таълим муассасалари билан ҳамкорлиги ва келгуси режалари муҳокама қилинди.
Жорий ўқув йилида Туркиядан 10 нафар профессор-ўқитувчи Тошкент давлат шарқшунослик университети ўқув жараёнига жалб этилган бўлиб, улардан 3 нафари доимий, 3 нафари ҳамкор университетлар томонидан масофавий таълим асосида ҳамда бошқа университетларда фаолият олиб бораётган 4 нафар ватандош-ўқитувчи талабаларга дарс бермоқда.
Ўтган йили 3 нафар туркиялик профессор-ўқитувчи университет ўқув машғулотларига жалб этилганди. Мулоқот чоғида жорий ўқув йилида бу кўрсаткич ошгани ижобий баҳоланиб, хорижлик ўқитувчилар туркшунослик соҳаси ривожига катта ҳисса қўшаётгани таъкидланди.
Суҳбат чоғида Туркия элчиси ушбу мамлакатдан яна икки нафар ўқитувчи Тошкент давлат шарқшунослик университетида доимий педагогик фаолият олиб боришни режалаштираётганини таъкидлади. Томонлар 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб Анқара Ҳожи Байрам Вали университети билан турк тили лингвистикаси ва туризм магистратура мутахассисликлари бўйича қўшма таълим дастурлари ташкил этилиши юзасидан фикр алмашди.
Тошкент давлат шарқшунослик университети 2019 йилдан бошлаб Туркиянинг Истанбул, Мармара, Анқара, Анқара Ҳожи Байрам Вали, Гази университетлари билан ҳамкорлик ўрнатган бўлиб, унинг доирасида профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, онлайн-маърузалар ҳамда қўшма ўқув, илмий тадбирлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг август ойида университетда Марказий Осиёда ягона туркшунослик факультети очилган эди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги