Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Халқаро қизлар куни” кенг нишонланди
2020-10-10 | Жамият
Жойларда 11 октябрь — Халқаро қизлар куни муносабати билан байрам тадбирлари ўтказилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Шофиркон туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан туман Ахборот-ресурс марказида ташкил этилди.
Карантин қоидаларига қатъий риоя этилган ҳолда ўтказилган мазкур кечада иқтидорли қизлар, Зулфия номидаги давлат мукофотига номзодлар,“Ораста қизлар” тўгараги аъзолари иштирок этди.
Унда сўзга чиққан Шофиркон тумани ҳокими маслаҳатчиси Алишер Обидов, Республика маънавият ва маърифат кенгаши туман бўлими бошлиғи Карим Бобомуродов барча қизларни ушбу сана билан самимий қутлаб, бугунги кунда жамиятимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий мавқеи тобора юксалиб бораётгани ва улар ҳаётимизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга салмоқли ҳисса қўшаётганини таъкидладилар.
Тадбир доирасида китобхон қизлар ўртасида мушоира ўтказилиб, беллашувда фаол иштирок этган шеърият ихлосмандлари ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Шунингдек, Ангрен шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан “Истиқбол”маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Маърифат” масканида ҳам мазкур санага бағишлаб маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унда сўзга чиққанлар бундай тадбирлар қизларнинг билим олишга, мутолаага бўлган қизиқишини, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, иқтидорли қизлар сафини янада кенгайтириш, уларни турли ёт ғоялар таъсиридин ҳимоя қилиш, юртимизда олиб борилаётган бугунги ислоҳотларга фаол муносабатини шакллантириш ҳамда оилавий ҳаётга тайёрлашга хизмат қилишини айтиб ўтдилар.
“Нурчи”, “Истиқбол” ва “Боботоғ” маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари ҳамда иқтидорли ўқувчи-қизлар иштирок этган мазкур тадбир давомида “Миллий либос – гўзаллик тимсоли”, “Китоб – бебаҳо хазина” мавзуларида кўргазмалар ташкил этилди.
Шунингдек, йиғилганларга бугун мамлакатимизда гендер тенглигини таъминлаш, хотин-қизларни турли зўравонликлардан ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар тўғрисида зарур маълумотлар берилди.
Тадбир сўнгида Ангрен шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан фаол иштирокчи қизларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Эслатиб ўтамиз, Халқаро қизлар кунига 2012 йил 11 октябрда БМТ Бош ассамблеясида асос солинган. Ушбу кун қизларнинг камситилиши, уларнинг ижтимоий муаммоларига бутун дунёнинг эътиборини қаратиш мақсадида ҳар йили 11 октябрда нишонланади.
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги