Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Сўз сандиқчаси» — маънавиятимиз хазинаси
2020-10-09 | Маданият
Зеро, Давлатимиз раҳбари Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали тадбирдаги бу галги нутқи давомида “Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади”, деб бежиз таъкидламади.
Зеро, Давлатимиз раҳбари Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали тадбирдаги бу галги нутқи давомида «Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади», деб бежиз таъкидламади.
Мамлакатимиз келажагининг мустаҳкам пойдевори мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларида қўйилади. Шундай экан, бугун мактаб партасида ўтирган ўқувчи-ёшларни ҳам томонлама баркамол тарбиялаб, етук кадрлар сафига қўшиш энг долзарб масаладир. Замонавий кадрлар эса камида иккита чет тилидан ташқари ўз она тилини мукаммал билиши керак. Давлат тили нуфузини оширишга қаратилган бу муҳим жиҳатни инобатга олган ҳолда республикамиздаги умумтаълим мактабларида ўзбек тилини чуқур ўргатишга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Ана шу йўлдаги эзгу ҳаракатлар самараси ўлароқ, Ўзбекистон республикаси Фанлар Академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори, филология фанлари доктори, профессор Низомиддин Маҳмудов муаллифлигида бошланғич синф ўқувчиларига мўлжалланган ўзбек тилининг изоҳли луғатчаси дунё юзини кўрди. Ушбу китобнинг тақдимотига бағишланган тадбир пойтахтимизнинг Миробод туманидаги 110-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида бўлиб ўтди.
Тақдимот маросимини очар экан, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов қуйидагиларни алоҳида таъкидлади:
— Нега ўзбек тилининг изоҳли луғатчаси тақдимоти бу мактабда ўтказиляпти, деган савол туғилиши мумкин.
— Тадбирни айнан шу мактабда ташкил этганимиз бежиз эмас. Чунки айни пайтда рус синфларида ўзбек тили дарс соатлари 35 фоизга кўпайтирилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари Абдуғаффор Қирғизбоевнинг таъкидлашича, департамент буюртмаси асосида ўн минг нусхада нашр этилган мазкур луғатча барча умумтаълим мактабларига етказиш учун Халқ таълими вазирлигига беғараз тақдим этилди.
«Сўз сандиқчаси» номли луғатчада етти юз атрофидаги сўз маъноларининг содда, ихчам шаклдаги изоҳлари жамланган. Сўз маънолари болалар адабиёти ва матбуоти, халқ оғзаки ижоди намуналаридан олинган мисоллар билан бойитилган.
Китоб муаллифи Низомиддин Маҳмудов луғат ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек у дунё луғатчилиги тажрибасида айнан болаларбоп изоҳли луғатлар тузиш анъанаси кўпдан бери мавжуд бўлсада, «Сўз сандиқчаси» ўзбек тилидаги дастлабки нашр эканини айтиб ўтди.
Китобни қўлга олиб, варақлаб кўрган ҳар бир педагог «Сўз сандиқчаси» фарзандларимизнинг маънавий хазинасига айланиб, ўша хазинани бойитиш йўлида уларга куч-ғайрат бағишлашига умид қилгани аниқ.
Муножат МЎМИНОВА
Манба: «Янги Ўзбекистон»