Адиблар хиёбонида 21 октябрь - Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан адабий кеча ўтказилди.
Божхона институти томонидан Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти, Давлат божхона қўмитаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда адабиётшунос олимлар,ёзувчи-шоирлар ва ёшлар иштирок этди.
Тириклик учун тоза ҳаво билан қуёш нури, нон ва сув каби неъматлар қанчалик ҳаётий зарурат бўлса, миллатнинг яшаши ва равнақ топиши учун тил шунчалар муҳимдир. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида»ги Қонуни, Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони, шунингдек, ўзбек тилини ривожлантиришга оид бир қатор ҳуқуқий асосларнинг яратилиши она тилимизнинг нуфузи ошиб, ривожланишига замин яратмоқда.
– Ўзбек тилининг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўлланилиб, хорижий мамлакатларда ҳам тилимизга эътибор ва уни ўрганишга қизиқиш янада ортган, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази етакчи мутахассиси Мухтасар Қодирова. – Ҳозирги кунда 10 дан ортиқ мамлакатларнинг 65 та нуфузли олий ўқув юртида ўзбек тили ўқитилиши бунга яққол мисолдир. Қоаверса, мамлакатимиздаги деярли барча олий ўқув юртига кириш имтиҳонларида абитуриентлар она тили ва адабиёт фанидан имтиҳон топширади. Давлат ташкилотларида ҳужжатлар, ишлар тўлиқ ўзбек тилида юритилади.
Тадбирда Божхона институти офицер ва курсантларининг ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш, давлат тилини миллий қадрият сифатида тарғиб қилиш, тилимизнинг халқаро мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган чиқишлари намойиш этилди.
Манба: ЎзА