Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ЕХҲТ ва Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси ўртасида оммавий спорт тарғиботи йўлида навбатдаги қадам ташланди
2020-10-09 | Спорт
Пойтахтимиздаги велотрек базаси бир неча кун давомида ўсмирлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатига мезбонлик қилди.
Бугун бўлиб ўтган тақдирлаш маросими кўтаринки руҳда ўтиб, унда бир қатор юқори ташкилот вакиллари иштирок этди. Жумладан, Ўзбекистон велосипед спорти федерациясининг доимий ҳамкорларидан бири Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) вакиллари, хусусан, ташкилотнинг Ўзбекистондаги элчиси Жон Макгрегор ҳам ташриф буюриб, федерацияга 40 та замонавий велосипед тақдим қилди. Мутасаддиларнинг маълум қилишича, уларнинг 30 таси трек базаси, 10 таси эса Наманган вилояти бўлими учун тақдим қилинади. Тадбир давомида сўзга чиққан Жон Макгрегор президентимиз бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида алоҳида тўхталиб, ўзининг илиқ фикрларини билдириб ўтди.
Маълумки, бир неча кун муқаддам Президентимизнинг Оммавий спортни ва соғлом турмуш тарзини ривожлантириш бўйича янги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди. Ушбу лойиҳада юртимизда велоспорт мисолида ҳам оммавий спортни ривожлантириш борасида алоҳида тўхталиб ўтилган. ЕХҲТ томонидан тақдим қилинган велосипедлар айнан велоспорт билан шуғулланишни эндигина бошлаганлар учун мўлжалланган бўлиб, бу спортга илк қадам қўйган ёшлар учун чинакам совға бўлади, дейиш мумкин.
Шундан сўнг карантин даврида ўтказилган онлайн мусобақаларнинг ғолиб ва совриндорлари, шунингдек, бир неча ой муқаддам ҳукм сурган эпидемиологик вазиятда спорт тараққиёти йўлида хизмат қилган бир гуруҳ мутахассислар Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан “Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланишди.
Манба: Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси