Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон илм-фани оғир жудоликка учради
2020-10-08 | Фан
Механика ва иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлиги соҳасидаги атоқли олим, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Турсунбой Рашидов 2020 йил 7 октябрда 86 ёшида вафот этди.
Т.Рашидов 1934 йил 27 майда Тошкент шаҳрида туғилди.
1956 йили Ўрта Осиё давлат университетини (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) тугатиб, ушбу илмий даргоҳ аспирантурасида таҳсил олди. 1964 йилда номзодлик, 1972 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1984 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги этиб сайланди.
Истеъдодли олим ўзининг қарийб 65 йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида Фанлар академиясининг М.Ўрозбоев номидаги Механика ва иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлиги институти лаборатория мудири, директори, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ректори, Фанлар академиясининг ҳайъат аъзоси, бош илмий котиби, академик-котиби, вице-президенти ва бошқа лавозимларда самарали меҳнат қилиб, юртимиз илм-фани ривожига, юқори малакали кадрлар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшди.
Т.Рашидов Ўзбекистонда мураккаб тармоқли ер ости иншоотларининг сейсмодинамик назарияси асосчиси бўлиб, республикамизда сейсмик мустаҳкамлик бўйича ўз илмий мактабини яратди. Заҳматкаш олим механика соҳасида фундаментал илмий изланишлар олиб бориш ва уларнинг натижаларини халқ хўжалиги тармоқларига тадбиқ этишга бевосита раҳбарлик қилди. Айниқса, унинг раҳбарлигида сейсмик ҳудудларда ер ости иншоотлари учун қурилиш меъёрлари ва қоидалари ишлаб чиқилиб, шу асосда Тошкент шаҳри метрополитенининг янги сейсмик мустаҳкам конструкциялари яратилгани ушбу соҳа ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Академик Т.Рашидовнинг ўзи фаолият кўрсатган фан соҳасининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган ўнлаб монографиялари, юзлаб илмий мақолалари, кўплаб ихтиролари юртимиз ва хориждаги олимлар ўртасида яхши маълум.
Жонкуяр устоз сифатида кўплаб ёшларга илм-фан сирларидан сабоқ берган таниқли олимнинг бевосита раҳбарлигида ўнлаб фан докторлари ва фан номзодлари тайёрланган.
Академик Т.Рашидовнинг мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У Беруний номидаги Ўзбекистон Республикаси давлат мукофоти совриндори, “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби” фахрий унвони, “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган эди.
Атоқли олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Турсунбой Рашидовнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева,
Н.Исмоилов, А.Арипов, Б.Йўлдошев
Манба: ЎзА