Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Покистон бозорига ўзбек маҳсулотларини етказиб беришни кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди
2020-10-08 | Сиёсат
ТОШКEНТ, 8 октябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Фурқат Сидиқов кеча видеоконференцалоқа шаклида Покистоннинг Глобал ва стратегик тадқиқотлар маркази президенти, Ўзбекистон — Покистон ишбилармонлар Кенгаши аъзоси Сайид Холид Амир Жаффери билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Суҳбатда икки томонлама муносабатларни ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, савдо-иқтисодий, сармоявий, логистика ва маданий-гуманитар соҳаларда шерикликни янада мустаҳкамлаш имкониятлари муҳокама қилинди, дейилади Ўзбекистон ТИВ хабарида.
Учрашувда ҳар икки томоннинг изчил саъй-ҳаракатлари натижасида Ўзбекистон-Покистон муносабатлари деярли барча йўналишларда янги ривожланиш даражасига кўтарилаётгани таъкидланди.
Томонлар Ўзбекистон-Покистон ишбилармонлар кенгаши янги суръатда ривожланишига хайрихоҳ эканини билдирди.
Покистон бозорига ўзбек маҳсулотларини, хусусан, кимё ва тўқимачилик маҳсулотлари, сабзавот ва меваларни етказиб беришни кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Покистонда ўзбек компаниялари, Ўзбекистонда Покистон компанияларининг дилерлик ва дистрибьютерлик ваколатхоналари фаолияти йўлга қўйилишида иккала томон ҳам ўзаро ёрдам кўрсатишда тайёр эканлиги билдирилди.
Видеоконференция давомида томонлар ўзларини қизиқтирган бошқа масалалар бўйича ҳам фикр алмашди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги