Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳиндистонлик мутахассис: Ўзбекистон Марказий Осиёда халқаро таълим дастурларини амалга оширувчи «хаб»га айлантириш учун катта имкониятлар эга
2020-10-08 | Таълим
ДЕҲЛИ, 8 октябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республика олий таълим тизимининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, хорижий таълим ва илм-фан технологияларини жалб этиш доирасида мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчихонаси ва «People Hive LLC» компанияси раиси Паван Абрахам ўртасида видеомулоқот ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
«People Hive LLC» компанияси 15 йил аввал ташкил этилган бўлиб, ҳозирги вақтда АҚШ ва Ҳиндистонда бир неча филиалларга эга. Компания раиси Паван Абрахам бир вақтнинг ўзида Ҳиндистон Бирлашган савдо-саноат палатаси Шимолий Америка бўлими президенти сифатида ҳам фаолият юритади. Ушбу компания халқаро лойиҳалар учун тегишли мутахассисларни саралаш ва етказиб бериш, ИКТ хизматлар кўрсатиш бўйича консалтинг ташкилоти ҳисобланади. Бундан ташқари, ҳозирги вақтда «People Hive LLC» хорижда сифатли таълим олиш истагида бўлган ёшларга тегишли маслаҳат ва хизматларни тақдим этиб келмоқда.
Бухоро давлат тиббиёт институти ва «People Hive LLC» компанияси ўртасида ўрнатилган ҳамкорлик доирасида 2019 йил июль ойида Ҳиндистоннинг қатор штатларида Ўзбекистон олий ўқув юрти фаолиятига бағишланган тақдимотлар ташкил этилди. Тиббиёт институтида таҳсил олиш истагида бўлган ҳиндистонлик ёшлар билан мулоқотлар ўтказилди. Натижада 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб 50 нафарга яқин ҳинд фуқароси Бухоро давлат тиббиёт институтида таълим олиш имконига эга бўлди.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Бухоро давлат тиббиёт институти жорий йил 25 сентябрь куни Ҳиндистоннинг Ноида халқаро университети базасида ўз филиалини ташкил этиш бўйича меморандум имзолади. Бу билан бугунги пандемия шароитида ҳинд талабаларининг ўз ватанида туриб таҳсил олиши учун қулай имконият яратилди.
Суҳбат давомида «People Hive LLC» компанияси раҳбарига қисқа муддатларда амалга оширилган самарали ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирилди. Шунингдек, ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш бўйича фикр алмашилди.
Паван Абрахам Ўзбекистондаги мавжуд олий таълим тизими имкониятларига баҳо берар экан, уни Марказий Осиёдаги халқаро таълим дастурларини амалга оширувчи «хаб»га айлантириш учун барча имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.
«People Hive LLC» компанияси раиси тиббиёт таълими билан бир қаторда ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида муҳандислик, ИКТ, сунъий интеллект, менежмент, қишлоқ хўжалиги, хусусан интенсив балиқчилик ва шоличилик каби таълим йўналишларини санаб ўтди. Мутахассисга кўра, бугунги кунда Ҳиндистонда талаб юқори бўлган мазкур йўналишлар бўйича олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши Ўзбекистон олий таълим тизимининг халқаро жозибадорлигини янада ошишига хизмат қилади.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги