Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Президентининг БМТдаги ташаббуслари дунёда Ўзбекистоннинг барқарор ва жозибали имижини шакллантиришга ёрдам беради
2020-10-07 | Сиёсат
Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги элчихонаси Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқини Европа оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш бўйича мақсадли фаолиятни давом эттирмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Европанинг инглиз ва рус тилларида янгиликлар тарқатадиган хусусий блогида чоп этилган «Ўзбекистон БМТ Бош ассамблеясида» сарлавҳали таҳлилий мақола шундан далолат беради. Материал муаллифи - Британиянинг BBC медиа-корпорацияси ходими, «Dars Consulting Ltd.» компаниясининг бошқарувчи директори Сергей Становкин.
Муаллиф Ўзбекистон Президенти томонидан БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, халқаро кўламда «мамлакатни тўғри тақдим қилиш, янги ижобий стереотипларни шакллантириш”га эътибор қаратади ва бунинг учун “тизимли ва самарали алоқалар зарурлиги”ни таъкидлайди.
Ўзбекистон Президентининг нутқида экологик муаммоларга ҳам алоҳида эътибор қаратилгани қайд этилади. «Орол денгизи минтақасини қутқариш мақсадида Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлигида ташкил этилган Кўп томонлама шериклик асосидаги Траст фонди негизида инновацион ва технологик марказ яратиш ташаббуси экологик вазиятни яхшилаш ва минтавий ривожлантиришга кўмаклашиш учун ишлаб чиқилган лойиҳанинг мантиқий давомидир. Ўзбекистон Президентининг ушбу ташаббусини мен ниҳоятда муҳим ва долзарб, деб ҳисоблайман. Чунки у амалдаги лойиҳага янги куч бағишлайди, унинг кўламини кенгайтиришга, замонавий технологиялар ва халқаро бизнес вакилларидан иборат кенг аудитория эътиборини жалб қилишга имкон беради», деб ёзади муаллиф.
Шунингдек, Сергей Становкин Ўзбекистон Президенти 2021 йил Хивада «Марказий Осиё цивилизациялар чорраҳасида» мавзусидаги конференциясини ўтказиш ташаббуси доирасида мамлакатни минтақанинг маданий маркази сифатида тақдим этганига эътибор қаратган.
«Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясидаги нутқи Ўзбекистоннинг барқарор ва жозибадор сиймосини шакллантиришга имкон берадиган глобал алоқаларнинг бир бўлаги бўлди. Бу экспорт бозорларида миллий компанияларнинг муваффақиятли рақобатлашишининг калитига айланади, миллий иқтисодиётга халқаро инвестицияларни жалб қилишга имкон беради, аҳоли фаровонлигини янада оширишга хизмат қилади», деб хулоса қилади мақола муаллифи.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги